Мадриднинг “Реал” клуби “Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланднинг вакиллари билан боғланиб, унинг трансфери бўйича музокара бошлади. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар берди.
Манбага кўра, “қироллик клуби” жорий мавсум якунида Винисиус Жуниорни Саудия Арабистони клубига 250 миллион еврога сотишни режалаштирмоқда. Ушбу битимдан тушадиган маблағ айнан Ҳоланд трансфери учун сарфланиши мумкин.
Бироқ “Манчестер Сити” 25 ёшли норвегиялик юлдузни қўйиб юборишни истамаяпти. Ҳоланднинг амалдаги шартномаси 2034-йилгача мўлжалланган. Шунга қарамай, “Реал” бу трансфердан воз кечмоқчи эмас. Агар Винисиус сотилса, клуб дарҳол Ҳоландни Мадридга олиб келишни мақсад қилган.
Маълумот учун, Ҳоланд 2022 йил ёзида “Манчестер Сити”га қўшилган. У шу вақтгача барча мусобақалар доирасида жами 155 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 136 та гол ва 22 та голли узатма ёздириб қўйган. Transfermarkt портали Эрлингнинг қийматини 180 миллион еврога баҳоламоқда.








