Тинчлик бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадога берилди. У Венесуэла халқининг демократик ҳуқуқларини илгари сургани учун ушбу мукофотга лойиқ кўрилди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди.
Қўмита Мачадонинг мамлакатда эркин сайловлар ва фуқаролик ҳуқуқлари учун курашга қўшган ҳиссасини эътироф этди. Аввалроқ халқаро оммавий ахборот воситаларида мукофотни бошқа номзодларга, жумладан, АҚШ президенти Дональд Трампга бериш имконияти муҳокама қилинганди.
Мария Корина Мачадо Венесуэланинг етакчи мухолифат етакчиларидан бири ва президент Николас Мадуронинг фаол танқидчиси сифатида танилган. У бир неча бор сиёсий босимга учраган ва давлат сайловларида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, аммо мамлакатда демократик ўзгаришлар учун кампанияни давом эттирган.
2025 йилги Нобель мукофотини кимлар олди?
Нобель мукофоти совриндорларини аниқлаш 6 октябрдан бошланди. Физиология ёки тиббиёт соҳасида мукофотни АҚШ ва япониялик олимлар — Мери Э. Брунков, Фредерик Рамсделл ва Шимон Сакагучи қўлга киритди. Мукофот уларга “периферик иммун толерантлик бўйича кашфиётлари учун” берилди.
7 октябрь куни физика бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти америкалик олимлар — Жон Кларк, Мишел Деворе ва Жон Мартинисга топширилди. Улар “макроскопик квант-механик туннел эффекти ва электр занжирида энергиянинг квантлашишини кашф этгани учун” тақдирланди.
8 октябрь куни кимё бўйича Нобель янги турдаги молекуляр архитектурани ишлаб чиққани учун Сусуму Китагава (япониялик), Ричард Робсон (британиялик) ва Омар М. Ягига (америкалик олим) топширилди. Уларнинг металлорганик каркаслар (MOF) деб номланувчи ихтироси саҳронинг ҳавосидан сув олиш, карбонат ангидридни тутиб қолиш, заҳарли газларни сақлаш ёки кимёвий реакцияларни тезлаштириш учун қўлланилиши мумкин.
9 октябрь куни адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори эълон қилди. У венгриялик ёзувчи Ласло Краснахоркаига топширилди. Мукофот унинг “қиёмат даҳшати шароитида санъатнинг қудратини яна бир бор исботлаган ишончли ва теран ижоди учун” берилди.
10 октябрда эса тинчлик бўйича Нобельни венгриялик мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо қўлга киритди. Унинг Венгрияда эркин сайловлар ва фуқаролик ҳуқуқлари учун курашга қўшган ҳиссаси эътироф этилди.
1969 йилдан бошлаб Швеция банки ташаббуси билан иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель хотирасига мукофот берилмоқда. У норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти деб ҳам аталади. Тинчлик бўйича Нобель мукофоти Норвегия пойтахти Ослода, қолган барча мукофотлар эса Швеция пойтахти Стокгольмда топширилади. Мукофот миқдори 11 миллион швед кронасини (тахминан 900 минг евро) ташкил этади.








