Ҳукуматнинг “Урганч давлат тиббиёт институти фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали клиникаси Урганч давлат тиббиёт институти клиникаси этиб қайта номланди.
Ҳужжат билан институтга қатор вазифалар юклатилган. Жумладан, узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш белгиланган.
Талабаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, илмий-педагогик салоҳиятнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, педагогик технологиялар ва ўқитиш усулларини фаол такомиллаштириш вазифалари қўйилган.
Шу билан бирга, институт тиббиёт таълими ва илм-фанининг амалиёт билан интеграция қилинишини таъминлаш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириши ҳам қайд этилган.
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб институтда таянч докторантура ва докторантура ташкил этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда Пекин технология институти филиали очилиши мумкинлиги хабар қилинганди.








