Божхона қўмитаси чегара орқали нотижорат мақсадида мобил қурилмаларни олиб киришда тўловлар бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадида олиб кириладиган товарлар ҳаво транспорти орқали 1000 долларгача, темирйўл ва дарё транспортида 500 долларгача ҳамда автомобильда ёки пиёда бўлганда 300 долларгача қийматда божсиз ўтказилади.
Мобил қурилмалар учун божхона қиймати белгиланган нормадан ортган тақдирда, меъёрлардан ошиқча қисмга нисбатан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.
Шу билан бирга, божхона кирим ордерини тўлдириш ва расмийлаштириш учун БҲМнинг 25 фоизи, яъни 103 000 сўм олинади.
Таъкидлаш жоиз, мобил қурилманинг божхона қиймати чеклар, квитансия ёки бошқа тижорат ҳужжатлари билан тасдиқланган бўлиши керак, акс ҳолда, божхона органи товарларнинг қийматини мустақил равишда белгилайди.
Бунда божхона юк декларациялари электрон база маълумотлари ва муқобил манбаларидан олинган нархлардан фойдаланади. Муқобил манбалардан олинган нархларга ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, прайс-варақлари ва бошқа ишончли манбалар киради.

Мисол учун, iPhone 17 русумли қурилма олиб кирилганда, унинг божхона қиймати харид чеки, квитансияси ёки бошқа тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлса, ундаги қийматдан келиб чиқиб, агар мавжуд бўлмаса ишлаб чиқарувчи ҳисобланадиган Apple’нинг олиб келинаётган давлатдаги расмий сайти маълумотларидаги нархларга асосланилади.
iPhone 17 Pro Max моделининг 256 ГБ хотирали версияси Apple сайтида 1 199 доллар, БААда 1388,20 доллар, Жанубий Кореяда эса 1417,89 долларга баҳоланган. Ушбу товарлар қайси йўл билан олиб келинишига қараб, нормадан ошган қисмга нисбатан 30 фоиз миқдорида тўлов қилиш керак бўлади. Шунингдек, божхона кирим ордери учун 103 000 сўм тўланади.








