АҚШ президенти Дональд Трамп 29 сентябрь куни Исроил ва Ғазо сектори ўртасидаги урушни тугатиш бўйича 20 банддан иборат режани таклиф қилди. Ҳужжат Оқ уй томонидан эълон қилинди, Al-Jazeera мазкур режани тақдим этди.
“Ғазо қўшнилари учун хавф туғдирмайдиган, терроризмдан холи, дерадикализация қилинган ҳудудга айланади. Ғазо шундоқ ҳам етарлича азоб чекаётган аҳоли манфаати учун қайта қурилади”, дейилади режанинг дастлабки икки пунктда.
Кейинги икки пунктда сулҳ тузиш учун дастлабки қадамлар тасвирланган: бу Исроил кучларини “гаровга олинганларни озод қилишга тайёргарлик кўриш учун келишилган чизиққа“ олиб чиқиш, “барча ҳарбий операцияларни, шу жумладан ҳаво ҳужумлари ва артиллерия отишмаларини” тўхтатиш ва “қўшинларни тўлиқ босқичма-босқич олиб чиқиш шартлари бажарилгунга қадар” фронт чизиғини музлатишдир.
Шу билан бирга, гаровга олинганларни, жумладан, ҳалок бўлганларни қайтариш учун “Исроил ушбу шартномани оммавий қабул қилган пайтдан бошлаб” 72 соат вақт ажратилган.
Бешинчи пунктда Исроил озод қилиши керак бўлган шахслар сони келтирилган: булар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган 250 нафар фаластинлик маҳбус ва 2023 йил 7 октябрдан кейин қўлга олинган 1,7 минг нафар ғазолик. Бундан ташқари, Исроил ҳар бир гаровга олинган одам учун “ўлган 15 нафар Ғазо аҳолисининг қолдиқларини” қайтаради.
“Ушбу мажбуриятлар бажарилганда, ҲАМАС аъзолари амнистия ва секторни хавфсиз тарк этиш имконияти эвазига қуролларини топширади”, дейилади 6-пунктда.
Кейинги икки пункт гуманитар ёрдамга тааллуқли: у январдаги ярашув битимида кўрсатилган ҳажмларда юборилади (мартгача давом этган), шунингдек, инфратузилмани тиклаш кўзда тутилган. Бунга БМТ ва Қизил Ярим ой жамияти аралашмайди.
9-пунктда секторда ҳокимият қандай ишлаши баён этилган. Унга кўра, бошқарувни “оралиқ давр учун вақтинчалик, технократлардан иборат сиёсий бўлмаган фаластинлик қўмита” амалга оширади. Назорат ва текширув эса “Трамп раҳбарлигидаги янги халқаро оралиқ орган — ‘Тинчлик кенгаши’ ” зиммасида бўлади. Унинг таркибига собиқ Британия бош вазири Тони Блер ва бошқалар киради.
10-11-пунктлар иқтисодий масалаларга тегишли: минтақани ривожлантириш режаси устида "Яқин Шарқда гуллаб-яшнаётган шаҳарлар"ни яратишга алоқадор экспертлар ишлайди, у ерда махсус иқтисодий зона ташкил этиш режалаштирилган.
“Ҳеч ким Ғазони тарк этишга мажбурланмайди, кетишни истаганлар эса буни эркин амалга ошириши ва эркин қайтиши мумкин. Биз одамларни қолишга ундаймиз ва уларга яхшироқ Ғазони қуриш имкониятини таклиф қиламиз”, дейилади 12-бандда.
Кейинги икки банд ҲАМАСнинг тақдирига тааллуқли. Гуруҳ ҳеч қандай шаклда секторни бошқаришда рол ўйнамайди. “Барча ҳарбий, террористик ва ҳужумкор инфратузилма“ йўқ қилинади, Ғазо демилитаризация қилинади. Бу “минтақавий ҳамкорлар” кафолатлари билан қўллаб-қувватланади.
15-пунктда “Халқаро барқарорлаштириш кучлари” (ХБК) тузилиши ҳақида сўз боради. Улар Ғазода зудлик билан жойлаштирилиб, ички хавфсизликни таъминлаш учун текширувдан ўтган фаластинлик полиция кучларини тайёрлайди ва қўллаб-қувватлайди.
16-пунткда эса: “Исроил Ғазони босиб олмайди ва аннексия қилмайди”, деб алоҳида таъкидланган. Исроил армияси (CАХАЛ) секторда эгаллаб турган ҳудудларни босқичма-босқич ХБК назоратига топширади. Агар ҲАМАС режа ижросини чўзса, юқоридаги чоралар Исроил ХБКга топширадиган ҳудудларга нисбатан қўлланади.
18 ва 20-пунктларда “тинч ва фаровон ҳамкорлик асосида бирга яшашнинг сиёсий истиқболи бўйича келишувга эришиш” учун динлараро мулоқот ҳамда фаластинликлар ва исроилликлар ўртасида суҳбат ўрнатиш таклиф этилган.
19-банд Фаластиннинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ва давлатчилиги ҳақида алоҳида сўз боради. АҚШ буни фаластинликларнинг интилиши сифатида тан олади, бироқ мустақил мамлакатни шакллантириш учун шарт-шароитлар Трамп режаси илгари сурилиши билан пайдо бўлади, деб ҳисоблайди. Ҳозирда Вашингтон Фаластинни тан олиш ташаббусини қўллаб-қувватламаяпти.








