Ўзбекистонда дарахтзорларнинг ноқонуний кесилиши космик мониторинг орқали аниқланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
“Иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги қуйи бўғинида бошқарув тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармон билан, 2026-йилдан ҳар календарь йил якунига қадар республика бўйича космик технологиялар имкониятидан келиб чиққан ҳолда дарахтзорларнинг ноқонуний кесилишини космик мониторинг орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
2026-йилдан қуйидаги лойиҳалар синов тариқасида амалга оширилади:
- энергетика соҳасида – Энергетика вазирлиги томонидан Агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда:
- электр узатиш тармоқларидаги носозликларни барвақт аниқлаш мақсадида 2026 йил 1 августгача Тошкент вилояти Бўка туманида юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳолати аэрокосмик мониторингдан ўтказилади;
- “яшил” энергетикани ривожлантириш мақсадида 2026 йил 1 октябргача Сурхондарё вилоятида қуёш панелларини жойлаштириш ва юқори самарадорликка эришиш имконияти мавжуд бўлган майдонлар аниқланади;
- транспорт соҳасида Транспорт вазирлиги томонидан темир йўллар ҳолатини тезкор назорат қилишга ўтиш мақсадида Агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 октябргача Тошкент–Ангрен йўналишидаги темир йўлда аэрокосмик мониторинг амалга оширилади.
Республикада экологик хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, назорат тадбирлари, терговга қадар текширув ва суриштирув жараёнларига аэрокосмик технологияларни жорий этиш, Давлат космик мониторинги тизими орқали шаффоф ва юқори аниқликдаги маълумотлардан фойдаланиш бўйича Бош прокуратура билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, эндиликда томонлар тизимли равишда ахборот алмашинувини йўлга қўйиб, экологик хавфлар ва муаммолар даражасини аниқлаш, ҳуқуқбузарликларни фош этиш ҳамда уларнинг олдини олишда бир қатор йўналишларда биргаликда ишлашлари белгиланди.








