Ижтимоий тармоқларда 17 ёшли Ўзбекистон фуқароси С.С. йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу фуқаро 2025 йил 5 апрель куни Истанбул шаҳрида юз берган ЙТҲ оқибатида оғир тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. С.С. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай воқеадан 10 кун ўтиб ҳаётдан кўз юмган.
Марҳум 17 апрель куни Самарқанд вилоятида дафн этилган. Шунингдек, марҳумнинг оила аъзолари ҳодиса юз берганидан кейин консулхонага мурожаат қилишмаган.
ЙТҲни содир этган Туркия фуқароси эса ҳодиса жойидан яширинган, бироқ эртаси куни пушаймонлик билдириб, полицияга таслим бўлган. Текширув давомида унинг қонида гиёҳвандлик моддаси аниқланган.
Ҳозирда ушбу шахс қамоққа олинмаган бўлиб, суд мажлиси 2025 йил 2 октябрь кунига белгиланган.
Аввалроқ Самарқандда 15 ёшли қизни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган ҳайдовчи топилгани тўғрисида хабар қилинганди. Автомобиль туманда жойлашган устахоналардан бирида бўлган.








