“Леванте” ҳимоячиси Унай Элҳесабал Испания чемпионатининг 6-турида “Реал Мадрид”га қарши ўйиндан сўнг (1:4) рақиб футболчиси Винисиус Жуниорнинг хатти-ҳаракатларига муносабат билдирди.
Учрашув давомида бразилиялик вингер Элҳесабалнинг юзига зарба берди, бироқ бош ҳакам Исидро Диас де Мера Эскудерос бу ҳолатга эътибор бермади ва футболчини жазоламади.
“Бизга, жамоамизга ёки мухлисларимизга нисбатан ҳурмацизлик бўлаётганини кўрганимизда, бунга жим қараб туролмаймиз. Винисиус — катта салоҳиятга эга футболчи. Аммо айрим ҳолатлар бор, инсон сифатида бунга чидаб бўлмайди, бу мутлақо ноўрин. Бу масалани ортиқча муҳокама қилишни хоҳламайман. Бунинг ҳожати йўқ”, дея Элҳесабалнинг сўзларини келтиради Mundo Deportivo.
Эслатиб ўтамиз, Испания Ла Лигаси 6-туридан ўрин олган баҳсда “Реал Мадрид” “Леванте”ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Учрашувдаги голларга Винисиус Жуниор, Франко Мастантуано ҳамда Килиан Мбаппе (дубль) муаллифлик қилди. Айни пайтда “қироллик клуби” 18 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамлик қилмоқда.








