Испания Ла Лигас 20-туридан ўрин олган “Реал Мадрид” ҳамда “Леванте” ўртасидаги баҳс якунига етди. 17 январь, шанба куни Мадриддаги “Сантиаго Бернабеу” стадионида кечган баҳсда “қироллик клуби” 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ҳисоб 58-дақиқада Килиан Мбаппе томонидан очилди. Франциялик ҳужумчи ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, таблодаги натижани 1:0 кўринишига келтирди. Орадан 7-дақиқа ўтиб, Мадрид клуби ҳисобни йириклаштирди. 65-дақиқада Рауль Асенсио “Реал”нинг ўйиндаги иккинчи голига муаллифлик қилди. Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади ва “қироллик клуби” 20-турда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Альваро Арбелоа “қироллик клуби” бошқарувидаги илк ғалабасини қўлга киритди. Айни пайтда мадридликлар 48 очко билан Ла Лига турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди. Мағлубиятга учраган “Леванте” эса 14 очко билан 19-поғонани банд этган.
Испания Ла Лигаси20-тур
“Реал Мадрид” — “Леванте” 2:0
Голлар: 1:0 — Мбаппе (58, пенальти), 2:0 — Асенсио (65)








