Мюнхеннинг “Бавария” клуби ҳужумчиси Ҳарри Кейн шартномасида клубни белгиланган нархда тарк этиш имконини берувчи махсус банд борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Sport BILD нашри хабар берди.
Манбага кўра, 32 ёшли футболчининг шартномасида 2026-йилнинг ёзида исталган клуб уни 65 миллион еврога сотиб олиши мумкинлиги кўзда тутилган. Бироқ бу банд фақат битта шарт бажарилгандагина кучга киради. Кейн клуб раҳбариятини қишки трансфер ойнаси якунигача жамоани тарк этмоқчи экани ҳақида расмий равишда огоҳлантириши керак бўлади.
Аввалроқ инглиз футболчисига Каталониянинг “Барселона” клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унга кўра, “кўк-анорранглилар” Кейнни 2026-йилнинг ёзида жамоадан кетиши кутилаётган Роберт Левандовски учун муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Бавария” 2023-йилда ҳужумчини “Тоттенхем”дан 95 миллион еврога харид қилганди. Англиялик ҳужумчи жорий мавсум барча мусобақалар доирасида жами 7 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 13 та гол ва 3 та голли узатма ёздириб қўйган. Кейннинг мюнхенликлар билан шартномаси 2026/27-йилги мавсум якунига қадар амал қилади.








