Каталониянинг “Барселона” клуби 2026-йилги ёзги трансфер ойнаси жамоани кучайтириш учун бир қанча номзодларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Mundo Deportivo хабар берди.
Жамоа бош мураббийи Ҳанси Флик спорт директори Деку ва спорт қўмитасининг бошқа аъзолари билан бирга кучайтириш зарур бўлган асосий позицияларни белгилаб олди: чап оёқли марказий ҳимоячи, вингер ва марказий ҳужумчи.
Зарурат туғилганда, агар клуб молиявий фейр-плей қоидаларига риоя қилса, ҳимоячи трансфери 2026-йилнинг январь ойидаёқ амалга ошиши мумкин. Кўриб чиқилаётган номзодлар орасида Гонсалу Инасиу (“Спортинг”), Мурилё (“Ноттингем Форест”), Нико Шлоттербек (“Боруссия Дортмунд”), Луис Бенедетти (“Палмейрас”) ва Марк Геҳи (“Кристал Пэлас”) исмлари қайд этилган.
Марказий ҳужумчи ҳам устувор позиция ҳисобланади, чунки Роберт Левандовскининг шартномаси якунига етиб бормоқда. Клуб кузатувида Хулиан Алварес (“Атлетико”), Ҳарри Кейн (“Бавария”) ва Эрлинг Ҳоланд (“Манчестер Сити”) бор.
Бундан ташқари, “Барселона” қанотларни ҳам кучайтирмоқчи. Чунки Рафиньянинг Саудия Арабистонига кетиш эҳтимоли мавжуд. Номзодлар орасида Маркус Рэшфорд (“Манчестер Юнайтед”) ҳам бор, унинг тахминий трансфер нархи 30 миллион евро сифатида баҳоланмоқда, аммо якуний қарор футболчининг мавсум охиригача кўрсатадиган ўйинига боғлиқ бўлади. Клуб, шунингдек, “Милан” ҳужумкор ярим ҳимоячиси Рафаэл Леау номзодини ҳам кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, “Барселона” Испания Ла Лигасида иккинчи, УЕФА Чемпионлар Лигаси жадвалида эса 18-ўринда бормоқда.








