Аҳолини рўйхатдан ўтказиш тадбирлари 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. 11 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев мазкур масаладаги тақдимот билан таништирилди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, рўйхатга олиш тадбирининг дастлабки 17 куни интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилади.
“Мазкур усул орқали харажатлар сезиларли қисқариб, 1,3 триллион сўм маблағ тежалади. Шунингдек, рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилади. Саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди”, дейилади манбада.
Рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида 38 миллион аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Ўз навбатида Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони аниқланади. Бу орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағлари самарадорлиги, соҳадаги хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўплами яратилади.
“Рўйхатга олиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги” махсус ўқув дастури асосида тайёрланади ва рағбатлантирилади. Бунинг учун Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳасининг маблағлари йўналтирилади. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиб, фуқароларнинг хабардорлиги оширилади”, дея қайд этган манба.
Мазкур тадбирлар аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг реал кўрсаткичларини аниқ белгилаш, давлат дастурларини мақсадли ҳамда самарали амалга ошириш учун муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланган. Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маʼқуллаб, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини тизимли ва сифатли амалга ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берган.
Манбага кўра, мамлакатда аҳолини умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган. 2021 йилда аҳолини, 2022 йилда эса қишлоқ хўжалигини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилган. Лекин тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли тизим ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этган. Шу сабаб мазкур тадбир кейинга қолдирилган.








