Англиянинг Ливерпуль шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати давом этмоқда. 6-сентябрь, шанба куни Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар боксчиси рингга чиқиб, уларнинг барчаси ғалаба қозонди.
Куннинг илк баҳсида -51 кг вазн тоифасида рингга чиққан Феруза Казакова панамалик рақиби Жулетта Ҳинестрросани 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўл олди. У навбатдаги жангини 9-сентябрь куни ўтказади.
Шунингдек, -70 кг вазн тоифасида Шавкатжон Болтаев Швеция вакили Кевин Скотт устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди. Унинг навбатдаги жанг санаси — 8-сентябрь.
Ситора Турдибекова ҳам мусобақани ишончли тарзда бошлади. У Украина вакиласи Татьяна Довҳални 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Куннинг якунига қадар яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи рингга чиқди. +80 кг вазн тоифасида Олтиной Сотимбоева украиналик Мария Ловчинскани 5:0 ҳисобида қийинчиликсиз мағлуб этди. Олтиной навбатдаги жангини 10-сентябрь куни Ҳиндистон вакиласи Нупурга қарши ўтказади.
Шунингдек, Олимпия ва жаҳон чемпиони Абдумалик Ҳалоков -60 кг вазн тоифасида туркиялик Меҳметҳан Чинарга қарши баҳс олиб бориб, рақибини катта устунлик билан 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Абдумаликнинг навбатдаги жанги 8-сентябрь куни бўлиб ўтади.Мусобақанинг 4-кунида яна 5 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга чиқиши кутилмоқда.
Жуфтликлар билан танишинг:
-55 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов — Паван Бартвал (Ҳиндистон) 16:00;-80 кг: Жавоҳир Умматалиев — Никодем Козак (Полша) 17:45;
-57 кг: Ҳуморабону Мамажонова — Бояна Гойкович (Черногория) 22:30;
-70 кг: Азиза Зокирова — Регина Лакос (Венгрия) 23:30;
-65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаэв — Жианхао Жу (Хитой) 01:45;
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи дастури Ўзбекистон вақти билан соат 15:00, кечки дастур эса 22:00 да бошланади.








