Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида эркаклар ўртасида бокс бўйича Жаҳон чемпионати якунланди. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси сафида 13 нафар боксчи иштирок этиб, 2 та олтин, 4 та кумуш ҳамда 3 та бронза медалини қўлга киритди.
−51 кг вазн тоифасида иштирок этиб, фаолиятида иккинчи бор Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Ҳасанбой Дўстматов мусобақанинг энг яхши боксчиси, деб топилди.
Дўсматов бунга қадар 2023-йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган IBA Жаҳон чемпионати ҳамда 2016-йилги Рио Олимпиадасида ҳам “Энг яхши боксчи” совринига лойиқ кўрилган эди.
Кеча, 14 декабрь куни бўлиб ўтган финал жангларида Ҳасанбой Дўстматов (−51 кг) ҳамда Асадхўжа Мўйдинхўжаев (−67 кг) ғалаба қозониб, олтин медалларни қўлга киритди. Абдумалик Ҳалоков (−60 кг), Жавоҳир Умматалиев (−80 кг), Арман Маханов (+92 кг) ҳамда Тўрабек Хабибуллаев (−92 кг) кумуш медалга эга чиқди. Шунингдек, Фазлиддин Эркинбоев (−75 кг), Асилбек Жалилов (−54 кг) ҳамда Хўжаназар Нортожиев (−57 кг) Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига бронза медалларини қўшиб қўйди.
Мусобақада энг кўп медал россиялик боксчилар томонидан қўлга киритилди. Улар 7 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медал билан умумжамоа рейтингида биринчи ўринни эгаллади. 3 та олтин, 1 та кумуш ҳамда 2 та бронза медални қўлга киритган Қозоғистон терма жамоаси иккинчи поғонадан жой олди. Ўзбекистон терма жамоаси эса кучли учликни якунлади.








