Тошкентда АPК вируслари орқали фуқароларнинг пулларини ўғирлаган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Хавфсиз кибермакон” тезкор профилактик тадбирлари доирасида ИИВ Киберхавфсизлик маркази ҳамда унинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида бир гуруҳ шахслар Андроид қурилмалари учун яратилган АPК кенгайтмали вирусларни фуқароларга юбориб, уларнинг СМС хабарномалари, қўнғироқлар ҳамда контакт маълумотларини ўзлаштириш билан шуғулланиб келаётгани аниқланди.
Ушбу вирусли дастурлар Телеграм гуруҳларига улангани, ушбу гуруҳда 11 нафар турли давлат вакиллари борлиги ҳамда улар фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаш билан шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлган. Тошкент шаҳри ҳудудида олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноий гуруҳнинг беш нафар аъзоси қўлга олинди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзиллари ҳамда телефон қурилмалари кўздан кечирилганда, улар 133 нафардан ортиқ фуқароларнинг жами 3 миллиард сўмга яқин пулларини ўғрилик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар процессуал тартибда қўлга олинган. Ушбу жиноий гуруҳга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича республика бўйлаб тезкор қидирув тадбирлари давом этмоқда.








