Ички ишлар органларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни аниқлаш мақсадида дронлардан фойдаланиш бошланди. Бу ҳақда ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғи ўринбосари Раҳимжон Наимов маълум қилди.
ИИВ тизимида дронлардан фойдаланиш Бухоро вилоятида бошланган. 2024-йилда давлат раҳбарининг Бухорога ташрифи давомида берилган топшириққа асосан, вилоят ҳокимлиги томонидан 150 та дрон харид қилинган.
“Ҳозирда 5 та вилоятнинг 84 та ҳуқуқ тартибот масканлари ходимларини дронлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Улар вазирлик томонидан сотиб олинди. Айни пайтда яна дронлар харид қилиш масаласи кўрилмоқда. 2026-йилнинг якунига қадар барча туман ва шаҳар бўлимларини учувчисиз учиш аппаратлари билан тўлиқ таъминлаш режалаштирилган”, дейди Раҳимжон Наимов.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, дронлар асосан, криминоген вазияти оғир ҳудудлардаги турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, майда безорилик, экологик ва гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳамда уларнинг профилактикасини амалга оширишда фойдаланилмоқда.
“Дрон орқали тепадан назорат қилиниб, аниқланган ҳолатни ички ишлар ходимлари бартараф қилиш чораларини кўради. Дронлардан фойдаланиш ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишда анча самара беряпти”, дейди у.
Қўшимча қилинишича, профилактика катта инспекторлари дронларни учириш ва уларни бошқариш бўйича доимий малакасини ошириб бориш амалиёти йўлга қўйилган.
2024-йилнинг апрел ойида Ички ишлар органлари фаолиятида дронлардан фойдаланиш жорий этилиши маълум қилинган эди.








