Daryo

Эрон олий раҳнамоси ўз ўлими эҳтимолига ворисларини танлади — NYT

Улар қаторида кўпчилик кутган Хоманаийнинг ўғли йўқ экани айтилмоқда

2 дақиқа ўқиш20 698 кўришлар0 изоҳ0

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўзининг ўлим эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда ва аллақачон ворисларини танлаган. Бу ҳақда Эрон расмий доираларидаги манбаларга таяниб The New York Times хабар берди.

Фото: Getty Images

Манбаларнинг маълумотига кўра, Хоманаий учта бўлажак ворис номзодини белгилаган, бироқ кўпчилик энг эҳтимолий деб ҳисоблаган унинг ўғли Можтаба Хоманаий уларнинг орасида йўқ.

Гарчи Можтаба ҳам диний арбоб ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан боғлиқ бўлса-да, унинг номзоди 86 ёшли диний раҳнамо хоҳиш-истаклари доирасидан ташқарида қолган, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Хоманаий сўнгги кунларда ҳимояланган бункердан чиқмаяпти, фақат ишончли воситачилар орқали алоқа қилмоқда. У хавфсизлик сабаб барча электрон алоқани узган. Шунингдек, у нафақат ворис, балки ҳарбий ва сиёсий раҳбарлик лавозимларига муқобил номзодларни ҳам кўриб чиққан.

The New York Times ёзишича, Хоманаий ўзининг эҳтимолий ўлимини шаҳидлик деб билади ва ҳокимиятнинг узлуксиз ўтишини таъминлашга интилмоқда. Шу муносабат билан, олий раҳнамони тайинлаш учун масъул орган — Экспертлар ассамблеясига уч нафар номзод тақдим этилган. Уларнинг бирини қисқа муддатда танлаш вазифаси қўйилган.

Одатда бундай жараён бир неча ой давом этса-да, ҳозирги ҳарбий танглик шароитида Хоманаий бу иш тез амалга оширилишига умид қилмоқда, дейди NYT манбалари.

Манбалар, шунингдек, Эрон расмийлари ички таҳдидлар кучаяётганини айтмоқда. Мамлакат ичида исроиллик диверсантлар ва маҳаллий ҳамкорлар мавжуд бўлиб, улар муҳим энергетика ва мудофаа объектларига дронлар учирмоқда.

Исроил разведкаси Эрон хавфсизлик тизимларига кириб олишидан қўрқув расмийларни огоҳликка чорламоқда. Эрон разведка вазирлиги барча юқори мартабали амалдорларга мобил телефон ва бошқа электрон алоқа воситаларидан фойдаланишни тақиқлаган. Шунингдек, ҳукумат ва ҳарбий раҳбарият аъзоларига вақтинча ерости бошпаналарида қолиш топширилган.

The New York Times манбаларига кўра, Эрон раҳбариятининг асосий хавотирлари — Хоманаийнинг суиқасдга учраши, АҚШнинг бевосита ҳарбий аралашуви ва асосий инфратузилмалар — электр станциялари, нефтни қайта ишлаш заводлари ва тўғонларга зарба берилишидир.

Яқин Шарқдаги кескинликни юмшатиш бўйича дипломатик уринишлар ҳозирча натижа бермади. 20 июнь куни кечқурун Женевада Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг Британия, Франция, Германия ва Европа Иттифоқи вакиллари билан музокаралари якунига етди. Томонлар учрашувдан сўнг ҳеч қандай олдинга силжиш кузатилмаганини билдирди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар