Daryo

Ўзбекистон пойтахтлари: бошкентнинг Самарқанддан кўчирилишининг сирли сабаблари

Ўзбекистон тарихида муҳим сиёсий ва маъмурий қарорлар орасида пойтахтнинг Самарқанддан Тошкентга кўчирилиши алоҳида ўрин тутади. Бу воқеага деярли 100 йил тўлаётган бўлса-да, пойтахт нега бир кунда Тошкентга кўчирилгани борасида очиқ қолаётган саволлар мавжуд. Ушбу мақолада мазкур тарихий қарорнинг сабаблари, унинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий оқибатлари ҳамда бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритамиз.

4 дақиқа ўқиш62 129 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистон тарихида муҳим сиёсий ва маъмурий қарорлар орасида пойтахтнинг Самарқанддан Тошкентга кўчирилиши алоҳида ўрин тутади. Бу воқеага деярли 100 йил тўлаётган бўлса-да, пойтахт нега бир кунда Тошкентга кўчирилгани борасида очиқ қолаётган саволлар мавжуд. Ушбу мақолада мазкур тарихий қарорнинг сабаблари, унинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий оқибатлари ҳамда бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритамиз.

Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши

Тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов ўз китобида ёзишича, 1925 йил 13–17 февраль кунлари Бухорода махсус қурилган халқ уйида бутун ўзбек советларининг I таъсис қурултойи (съезди) бўлиб ўтади. Ушбу йиғилишда 17 февраль санасида Ўзбекистон совет социалистик республикаси ташкил топиши тўғрисида декларация қабул қилинади. Ташкил этилган Ўзбекистон ССР “ихтиёрий” равишда СССР таркибига киритилади.

Ўзбекистон ССР таркибига Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё, Зарафшон (Бухоро), Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тожикистон АССР кирган. Бу вақтда Ўзбекистон ССР ҳудуди 184836 км² (айрим манбаларда 176774 км²)ни, аҳолиси эса 4 миллион киши бўлган. Бу ҳисоб-китобга Тожикистон АССР ва Қорақалпоғистон автоном республикаларининг ҳудуди ва аҳолиси кирмаган.

Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Ўзбекистон ССР ташкил топган пайтда қисқа муддат давомида, яъни 1925 йил февраль апрель ойларида Бухоро шаҳри Ўзбекистон ССР пойтахти бўлган. Кейин эса 1925 йил апрелидан 1930 йил сентябригача бу мақом Самарқанд шаҳрига берилган.

Самарқанд республиканинг марказида жойлашган бўлиб, бу ҳолат янги ташкил қилинган Ўзбекистон ССР ҳудудининг барча қисмларини амалда бир бутун қилиб бирлаштиришга ҳамда совет ташкилотлари ишини жонлантиришга ёрдам берди. Маҳаллий ҳокимият органлари мустаҳкамланиб, уларнинг марказий ҳукумат муассасалари билан алоқалари кучайганидан сўнг Ўзбекистон ССР пойтахти 1930 йил 20 сентябрь куни республиканинг энг муҳим иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази бўлган Тошкент шаҳрига кўчирилди. Ўзбекистон ССР ҳукуматининг раиси Файзулла Хўжаев бир кунда пойтахтни Самарқанддан Тошкентга кўчириб келтирган эди, дея ёзади Қаҳрамон Ражабов ўз китобида.
Ташкент конца XIX века
ХIX асрда Тошкент
Фото: тоурстоузбекистан

Пойтахт нега кўчирилган?

Пойтахтни бир кунда Тошкентга кўчиши борасида бир қанча баҳсли саволлар ва қарашлар мавжуд. Жумладан, айримлар Файзулла Хўжаев СССР раҳбари Сталин Тошкент шаҳрини Қозоғистонга бериб юборилаётгани учун Республика марказини Тошкентга кўчирган, деган фикрни кўп такрорлайди.

Дарҳақиқат, 1924 йилга қадар Тошкент шаҳри Қозоғистон (ўша пайтдаги Қирғизистон АССР, кейинчалик Қозоғистон АССР деб ўзгартирилган) билан боғлиқ бўлган Сирдарё вилоятининг маъмурий маркази бўлган.

Шунингдек, ўша вақтда Марказий Осиёда Тошкент даражасида ривожланган йирик шаҳар бўлмаган. Шу боисдан ҳам Қозоқ ҳукумати Тошкентни ўз пойтахтига айлантиришга қарор қилган ва бу ҳақда Сталинга мактуб ҳам ёзилган.

Лекин айрим тарихчилар Тошкентни Қозоғистонга беришга биринчи ўринда марказ Москванинг ўзи қарши чиққанини таъкидлайди. Чунки бу пайтда Тошкентда Марказнинг янги тузилган Ўрта Осиё республикаларини назорат қилишга мўлжалланган турли ташкилотлари (Совет иттифоқи Коммунистик партиясининг марказий қўмитаси, Ўрта Осиё иқтисодий кенгаши, Туркистон фронти, Ўрта Осиё ҳарбий округи) жойлаштирилган эди.

Тошкент деворлари
Фото: Wikipedia

Шу билан бирга Кремль Ўрта Осиё республикаларининг пойтахтларини мамлакат ўртасида эмас, балки чегарага яқин ҳудудларга жойлаштиришга интилган. Бундан кўзланган мақсад – республикалар Совет иттифоқи таркибидан мустақил бўлишни истаса, шу заҳоти чегара яқинида жойлашган марказни қийинчиликсиз эгаллаш эди. Шу сабабли Сталин Тошкентни Ўзбекистон ССР ҳукуматининг ихтиёрида қолдиради.

Шу ўринда бир тарихий фактни келтириш ўринли деб билдим. Туркия Республикаси асосчиси Мустафо Камол Отатурк пойтахтни Истанбулдан Анқарага кўчиришга қарор қилганида, кўпчилик бунга норози бўлади. Шунда у ўз қарорини шундай тушунтиради: “Пойтахт чегарада жойлашиши – юракнинг кичик бармоқда бўлиши билан баробар”.

Агар юқоридаги мантиқдан келиб чиқиб, харитага эътибор қаратилса, Тошкент республиканинг чекка қисмида шимолда Қозоғистон, шарқда Қирғизистон ва жанубда эса Тожикистон билан чегарадош ҳудудда жойлашганини кўриш мумкин. Табиийки, бу пойтахтнинг хавфсизлиги билан боғлиқ бир қанча саволларни ўртага чиқаради.

Марказий Осиё республикалари харитаси
Фото: эмигратион

Тошкентнинг афзаллиги

Расмий ҳужжатларда пойтахтни Самарқанддан Тошкентга кўрилишига минтақавий бошқарув тизимини оптималлаштириш сабаб сифатида кўрсатилган. Лекин бу борада бир қанча чуқур сабаблар мавжуд эди. Келинг уларни бирма-бир кўриб чиқсак:

Иқтисодий мақсадга мувофиқлиги: Фарғона водийси Ўзбекистон ССР иқтисодиёти учун ҳаётий муҳим минтақа бўлиб, унинг пойтахтга яқинлиги ресурслар ва ишлаб чиқариш жараёнларини янада самарали бошқариш имконини берарди. Тошкент эса қолган ҳудудларни Фарғона водийси билан боғлаб турувчи муҳим бўғин эди.

Инфратузилманинг афзалликлари: Тошкент Самарқанддан фарқли ўлароқ, аллақачон ривожланган инфратузилмага, жумладан, темир йўл ва транспорт ришталарига эга бўлиб, бу ҳудуднинг жадал ривожланиши учун муҳим эди.

1930 йил 17 август куни пойтахтни Самарқанддан Тошкентга кўчириш тўғрисидаги қарор (Йўлдош Охунбобоев томонидан) имзоланган.

Геосиёсий мулоҳазалар: Самарқанд бой тарих ва маданий меросга эга бўлган шаҳар бўлса-да, Тошкент янада замонавий ва истиқболли, янги сиёсий воқеликка интеграциялашувга қодир бўлган марказ сифатида кўрилган.

Охир-оқибат Тошкент икки қисмга бўлинган. Шаҳарнинг асосий қисми Ўзбекистон ССР таркибига, Сирдарё вилоятининг бир қисми Қозоғистонга ўтказилди — шу жумладан, ҳозирги Туркистон ва Чимкент шаҳарлари атрофидаги ерлар.

Кейинчалик Қозоғистон ўз марказини ривожлантиришга эътибор қаратди ва дастлаб Олмаота, кейинчалик Остона мамлакат пойтахтига айланди.

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар