Daryo

Талабалар ўзлари ясаган кичик сунъий йўлдошларни синовдан ўтказишди

Очиқ учиш зонасида ўтказилган тадбирда кичик консерва идиши ҳажмидаги мини сунъий йўлдошлар бўлажак муҳандислар томонидан 1,5 км баландликкача учирилди

2 дақиқа ўқиш9 430 кўришлар0 изоҳ0

14 февраль куни “Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан Ўрта Чирчиқ туманидаги “Янги ҳаёт” аэродромида космик технологиялар ва муҳандисликка иштиёқи баланд 250 нафар ўқувчи ва талабалар ўзлари ясаган мини сунъий йўлдошларнинг синов парвозини амалга оширди.

Сунъий йўлдош нусхалари 1000-1500 метр баландликка дронлар ёрдамида учирилади ҳамда ҳаво ҳарорати, баландлик ва босим назорати каби маълумотларни қайд этади.

Фото: “Дарё” / Улуғбек Худойназаров

— CanSat ясаш учун икки ой вақт сарфланди. Бизнинг CanSat босим, ҳарорат, жойлашув ва бошқа параметрларни қайд этади ва суратга олади. Суратларни ўзи билан флешкада олиб тушади. Бу 1000 метрдан ортиқ баландликка учирилган илк парвоз. Аввал университет биносида турли баландликларда синаб кўрганмиз. Кейинги босқичларда CanSat’ни ракета ёрдамида парвозини амалга оширмоқчимиз, дейди мини сунъий йўлдоши муваффақиятли парвозни амалга оширган иштирокчи, Тошкент ахборот технологиялари талабаси Зуҳриддин Ҳамиджонов.

Зуҳриддин Ҳамиджонов, иштирокчи
Фото: “Дарё” / Улуғбек Худойназаров

Маълумот учун, CanSat бу кичик консерва идиши ҳажмидаги мини сунъий йўлдош бўлиб, илк бор бу лойиҳа 1990 йили АҚШда NASА ва Америка университетлари ҳамкорлигида ташкил этилиб, ёшларнинг космик миссияларда иштирок этиш кўникмасини оширишга қаратилган. Бугунга келиб эса CanSat учириш мусобақалари Россия, Хитой, Англия, Франция, АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби кўплаб давлатларда мунтазам ўтказилмоқда.

Фото: “Дарё” / Улуғбек Худойназаров

— Бугун Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Янги Ўзбекистон университети, Тошкент давлат транспорт университети ҳамда “Сеҳриё” мактабидан 250 талаба ва ўқувчи тўпланган. Улар ўзи ясаган кичик типдаги сунъий йўлдошларнинг учишини синов тариқасида амалга оширади.

Фото: “Дарё” / Улуғбек Худойназаров

Бу лойиҳа илк бор ўтказилганда иккита гуруҳ қатнашганди, ҳозирда гуруҳлар сони 13 тага етди — бир гуруҳда 13 та иштирокчи бўлади. Аввал сунъий йўлдош нусхалари 500 метр баландликка учирилган бўлса, бугунга келиб улар 1 км га кўтарилади. Илк парвозда мини сунъий йўлдошлар сигнал ва баландликни текширганди, энди эса босим, ҳарорат ва радиацияни текширибгина қолмай, суратга олиш жараёнини ҳам амалга оширади.

CanSat дастурининг финал босқичи шу йилнинг апрель ойида Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни доирасида кенг миқёсида ўтказилади. Ғолиблар билан ҳар йили ёз ойларида ўтказиладиган Бутунжаҳон CanSat лойиҳаси учун тайёргарлик жараёнларини бошлаймиз. Аввал республика бўйлаб ўтказиб, сўнг ғолиб гуруҳ билан 2026-2027 йилларда халқаро мусобақага йўл оламиз”, дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бўлим бошлиғи Ҳумоюн Раҳмонов.

Фото: “Дарё” / Улуғбек Худойназаров

Очиқ учиш зонасида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган пневма-гидро ракеталарни учириш бўйича ҳам танлов ўтказилди. Тадбир сўнгида ҳар бир гуруҳ учун махсус сертификатлар топширилди.

Фото: “Дарё” / Улуғбек Худойназаров

Toshkentdanman. Alisher Navoiy nomidagi O‘zbek tili va adabiyoti universitetining O‘zbek tili fakultetini tamomlaganman. “Daryo”da 2024-yildan beri Layfstayl bo‘limida muxbir lavozimida ishlayman va maqolalar hamda videomateriallar tayyorlayman. Har yili ispan kinoijodkorlari tomonidan suratga olingan “Невидимый гость” (“Ko‘rinmas mehmon”) filmni kamida ikki marta qayta tomosha qilaman. Imom al-Buxoriy haqidagi “Sohilsiz dengiz” kitobi yoqadi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар