Daryo

У бошқача қоидалар асосида тузилган: Исроил давлати ва қуролли кучлари нега бу қадар қудратли?

Исроил ташкил этилган куннинг эртасигаёқ еттита араб армияси ҳар томондан ҳужумга ўтди. Сон устунлигига қарамай, улар ғалабага эриша олмади. Аксинча, душманига нисбатан кўпроқ талафот кўриб, мағлубиятга учради. Шундан сўнг атиги 25 йил ичида яна учта йирик уруш бўлиб ўтди. Таассуфки, ҳар сафар бир хил якун такрорланаверди: Исроил ўз ҳудудини янги ҳарбий ютуқлар ҳисобига кенгайтирди. Унга қарши на қўпол, на юмшоқ куч натижа берди. Мақолада Исроилнинг сиёсий ва ҳарбий қудрати нималарда экани ҳақида сўз боради.

8 дақиқа ўқиш39 260 кўришлар1 изоҳ0

Исроил давлати 1948 йилнинг 14 май куни ташкил этилди. Давид Бен Гурион Тель Авивда туриб бу ҳақда эълон қилганидан атиги бир кун ўтиб араб давлатлари ҳар томондан ҳужум қилди. Аммо Исроил, сиёсий ва ҳарбий институтлари тўла шаклланиб бўлмаганига қарамасдан, кучли қаршилик кўрсатди. Ягона байроқ, яъни мафкура остида бирлашган яҳудийлар мунтазам армияга эга бўлмай туриб араб давлатларининг мунтазам армияларини тор-мор келтирди ва урушни ғолиб сифатида якунлади.

Исроил ҳарбий техникалари карвони. 1948 йил
Фото: Britannica

Орадан кўп ўтмай, Сувайш канали устида яна бир можаро келиб чиқди. Яҳудий давлати Британия ҳамда Франция томонида туриб Мисрга қарши уруш очди. Босқин Қўшма Штатлар ва Совет иттифоқининг аралашуви билан тўхтатилиб, Синай яриморолига БМТ кучлари жойлаштирилди. Аммо бу ҳам келгуси урушнинг олдини ололмади.

1967 йилги қуролли можаро минтақада кучлар балансини бутунлай ўзгартириб юборди. “Олти кунлик” уруш номини олган жараён сабаб Иордания Ғарбий Соҳил, жумладан, Қуддусни қўлдан чиқарди. Миср эса Ғазо ва Синай яриморолидан маҳрум бўлди. Ўзидан бир неча баробар йирикроқ коалиция устидан қозонилган ғалаба Исроилни минтақанинг биринчи рақамли қудратига айлантирди.

Орадан олти йил ўтиб Миср Синай яриморолини, Сурия эса Жўлон тепаликларини қайтариш учун уруш бошлади. Бошида барчаси режа бўйича кетаётганди. Бироқ компетентлик етишмаслиги, таъминотдаги муаммолар сабаб дастлабки кунлардаги ютуқларни давом эттириб бўлмади. Қоҳира Синай яриморолини қайтиб олиш учун Исроил билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Сурия эса ўз ҳудудида буфер зонаси ташкил этишга мажбур бўлди.

Миср президенти Анвар Садат (чапда) ва Исроил бош вазири Менахем Бегин (ўнгда) АҚШ президенти Жимми Картер билан. Сурат 1976 йил 26 март куни Тинчлик шартномасини имзолаш куни олинган
Фото: AP

Исроил — ресурслари билан мақтана олмайдиган даражада кичик давлат. Қолаверса, уч томондан араб давлатлари билан ўраб олинган. Ҳар қандай мағлубият унинг мавжудлигига нуқта қўйиши мумкин. Шу боис яҳудий давлати ўз қуролли кучларига жиддий эътибор қаратади.

Исроил қуролли кучлари ҳақида умумий маълумот. Очиқ манбалар асосида тайёрланди

Исроил армияси дунёнинг бошқа қисмларида учрамайдиган қоидалар асосида тузилган. Уларда қадриятлар йўқ. Қизил армия тафаккурига хос кўр-кўрона итоат ё аксар армияларда учрайдиган тошдек қатъий интизом уларга бегона.

Яҳудий офицерлари қарор қабул қилиш эркинлигидан қўрқмай фойдаланади, ҳар қандай ҳолатда ташаббусни қўлга олишдан чўчишмайди. Шу боис ҳам жанг майдонидаги воқеликка тез мослашишади. Қўмондонликдан буйруқ кутиб, вазиятни бой бермайди. Бу масалада уларга либерал оламнинг манаман деган армияси ҳавас қилса арзийди. Қолаверса, армияда аёллар ҳам фаол хизмат қилади. Дунёнинг бошқа давлатларида бу ихтиёрий, аммо Исроилда эмас.

Исроил қуролли кучлари шахсий таркибининг 35 фоизи аёллар ҳисобланади. Эркаклар 32, хотин-қизлар эса 24 ой давомида ҳарбий хизматни ўтайди. 2001 йилга қадар аёллар фронт ортидаги вазифалар билан шуғулланган. Ҳозир эса аёл учувчилар, ҳатто хотин-қизлардан иборат танк экипажлари ҳам мавжуд. Бироқ энг хавфли миссияларга юбориладиган Голани ва Наҳал бригадалари, Шаетет 13 махсус кучлар бўлинмаси бундан мустасно. Улар ўз сафига аёлларни қабул қилмайди.

Хотин-қизларни ҳарбий хизматга жалб қилиш Исроил учун муҳим. Боиси мамлакат аҳолиси 10 миллионга ҳам етмайди. Қолаверса, унинг чорак қисми араблардан иборат. Шу боис мамлакат армияни ҳар бир оилага қадар олиб кирган. Яъни эркаклар 40, аёллар эса 38 ёшгача захирадагилар рўйхатида туради. Вазият тақозо қилган тақдирда уларни ортиқча қийинчиликларсиз тўплаш мумкин.

Исроил сафарбарликнинг ўта самарали механизмини йўлга қўйган. Бу, айниқса, 2023 йилнинг 7 октябрь воқеаларидан сўнг яққол намоён бўлди. Расмийлар саноқли кунлар ичида 300 минг захирадаги ҳарбий хизматчини чақириб, жанговар шай ҳолатга келтирди. 2022 йили худди шунча миқдорда аскар ёллаш ва уларни тайёргарликдан ўтказиш учун Кремль 3-6 ой вақт сарфлаганди.

Технология ўз сўзини айтади

Исроил — юқори технологик давлат, армияси ҳам шунга мутаносиб. У жанговар дронлардан илк бор фойдалангани билан мақтаниши мумкин. АҚШ Афғонистонда МQ-1 Predator дронларини қўллашидан 20 йил олдин Исроил IAI Scout ва Tadiran Mastiff номли учувчисиз учиш аппаратлари билан Ливан қуролли гуруҳлари ҳаракатларини кузатарди. Шунингдек, камикадзе дронлари ғояси муаллифлари ҳам айнан улардир.

IAI Scout кузатув дрони
Фото: Авиадежаву

Қолаверса, яҳудий давлати кўп сонли ҳаво таҳдидларига қарши энг самарали мудофаа комплекси — Темир гумбазни ишлаб чиқди. Arrow тизими билан Ер атмосферасидан ташқаридаги ракетани уриб туширди. Жанг майдонида эса вазиятни баҳолаш, нишонларни белгилашда сунъий идрокка кенг таянади. Ва инсонларни ўлдириш ё ўлдирмаслик масаласини алгоритмлар ихтиёрига топширган.

Исроил ўз эҳтиёжи учун қуролларнинг аксариятини мустақил ишлаб чиқаради. Дунёда энг яхшиларидан бири дея мақталадиган Меркава танки шулар жумласидан. У энг зўрими ёки йўқ — бу очиқ савол. Аммо Меркава ноодатий технологик тузилиши билан қолганлардан фарқланиши бор гап.

Picture background

Қолаверса, муҳандислар танк билан боғлиқ харажатларнинг энг қиммати экипаж эканини яхши тушунишган. Яъни инсонни жанговар машина бошқаришга ўргатиш бир неча йил, у ҳарбий хизматга лаёқатли бўлиши учун эса бир неча ўн йил талаб этилади. Шу боис аввалбошдан асосий эътибор танк ичидагиларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Масалан, Меркаванинг двигатели анъанавий жангларда энг кўп зарба бериладиган нуқта — олд қисмида жойлашган. Мазкур ёндашув техник хизмат кўрсатишни мураккаблаштириб, харажатларни оширади. Аммо бунда двигатель экипаж учун қўшимча зирҳ вазифасини бажариши инобатга олинган. Қолаверса, бу орқали десант бўлинма учун жой очилиб, Меркава танки ўз рақобатчилари орасида уникал ишланмага айланган. Бошқа бирорта танк экипаж билан бирга десантчиларни олиб юрмайди.

Меркава нафақат танк, балки зирҳли транспорт воситаси вазифасини ҳам бажаради
Фото: Google Images

Танкнинг хусусиятларига келсак, у Ғарбда ишлаб чиқарилган аналогларига жуда ўхшаш: 120 мм калибрли қурол, 65 тонна вазн, 4 кишилик экипаж. Улар 360 даража бурчакдан тасвирни узатиб берадиган VR шлемлар билан таъминланган. Бу жанг майдонидаги вазиятдан реал вақт режимида бохабар бўлиб туриш имконини беради.

Исроилда ишлаб чиқилган энг машҳур тизим шубҳасиз Темир гумбаз ҳисобланади. У қисқа масофали ва паст тезликдаги ҳаво таҳдидларини бартараф этишга мўлжалланган. Аниқлиги 90 фоиздан юқори. У нишонларни зарарсизлантириш учун ҳар бири 50-80 минг АҚШ доллари турадиган Тамир ракеталаридан фойдаланади.

Темир гумбаз ўта сезгир радарлар ва юқори қувватли компьютерлардан иборат комплексдир. Унинг яна бир афзаллиги ҳаво таҳдидлари траекториясини ўрганиб, қаерга қулашини аниқлашида. Яъни Ливандан учирилган ракета аҳоли масканига қуласа, тизим уни уриб туширади. Агар нишон бўш саҳрога йўналган бўлса, ўз ҳолига қўяди.

Темир гумбаз тизимининг ракета учириш платформаси ҳамда Тамир ракетаси
Фото: Тоp War

Тизим камчиликлардан холи эмас. Темир гумбаз ўндан ортиқ нишонларни бирваракай тутиб олишга қийналади. Қолаверса, унда қўлланиладиган Тамир ракеталари қиммат. Шунга қарамай комплекс Исроилнинг ташриф қоғозига айланиб улгурган. У яҳудий давлатининг технологик потенциалини намойиш қилади.

Юқорида саналганлар мамлакатда ишлаб чиқилган айрим техникалар холос. Исроилда ҳарбий саноат билан шуғулланадиган 150 дан ортиқ компания бор. Улар томонидан биргина 2022 йилнинг ўзида 12,5 миллиард долларлик қурол-яроғ экспорт қилинди. Бу яҳудий давлатини бозорнинг энг йирик ўйинчиларидан бирига айлантирди. Бироқ Исроилда ишлаб чиқарилган қуролларнинг репутацияси яхши эмас. Бунга уларнинг фаластинликлар устида синовдан ўтгани сабаб.

Инсоний капитал — асосий омил

Исроил кичик ҳудудда кам ресурс билан катта ишлар қилиш мумкинлигини исботлади. Инсоний капитални ишга солиб, жаҳон сиёсатига таъсир кўрсата оладиган салоҳиятга эга бўлди. Аммо бунда ташқи ёрдамни, яъни Қўшма Штатлар омилини эътибордан қочирмаслик керак. Вашингтон — Тель Авивнинг энг қалин иттифоқчиси. АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан буён ажратган халқаро ёрдамнинг 30 фоизи биргина Исроил ҳиссасига тўғри келади. Бу — қарийб, 300 миллиард ёки йиллик 4 миллиард доллардан дегани.

Бундан ташқари, Оқ уй Исроилни сиёсий томонлама ҳам сўзсиз қўллаб келади. БМТ ташкил этилганидан буён Вашингтон ўзининг Хавфсизлик кенгашидаги вето ҳуқуқидан 87 бор фойдаланган бўлса, уларнинг 49 мартаси Исроилни ҳимоялаш учун эди.

Яҳудий давлати Қўшма Штатларда жуда кучли таъсирга эга. Бунга у қонуний пора – лоббизм орқали эришди. Америка Исроил Жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси (AIPAC) каби ташкилотлар яҳудий донорлардан хайрия олиб, сиёсатчиларнинг сайлов кампанияларини молиялаштиради. Бу Исроилга ҳам Конгресс, ҳам Вакиллар Палатасини назоратга қилиш имконини беради. Исроил лоббизми ҳатто Оқ уйда мустаҳкам илдиз отган. Буни тасдиқловчи мисоллар кўп. Дональд Трамп сайловолди кампанияси учун Исроил-америкалик миллиардер Мириам Анделсондан юз миллион доллар олгани шулардан биридир.

АҚШ қонунчилари Исроил бош вазирини Конгрессда қилган нутқи учун олқишлашмоқда
Фото: Los Angeles Times

АҚШ томонидан яҳудий давлатига ажратилаётган ҳарбий ёрдам эса алоҳида мавзу. Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг ядросини ташкил этувчи F-15, F-16 самолётлари, F-35 бешинчи авлод қирувчилари Қўшма Штатлар технологик салоҳиятининг маҳсулидир.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг F-35 қирувчиси
Фото: Сунъий идрок ёрдамида ишлов берилган

Меркава танклари қўллайдиган 120 мм калибрли снарядлар, Ғазо ва Ливанга ёғдирилган 500-1000 кг вазндаги авиабомбаларга ҳам Made in USA ёрлиғи туширилган. Қолаверса, Вашингтон Исроилнинг ички лойиҳаларини ҳам молиялаштиради. Биргина Темир гумбаз учун 2011 йилдан буён 2,6 миллиард доллар сарфланган.

Бироқ тан олмасдан илож йўқ. Исроил буларнинг барига яҳудий халқининг илмга чанқоқлиги, бир-бирига нисбатан қўллови ҳамда молиявий ресурсларини тўғри йўналтира олиши ортидан эришди. Агар исроилликлар маиший масалаларга ўралашиб, сиёсий институтларни ўз ҳолига ташлаб қўйганида, илмга эътиборни сустлаштирганида, қўшнилари уни биринчи ҳамладаёқ янчиб ташларди.

Нуфуси 20 миллион ҳам чиқмайдиган яҳудий халқида 214 та Нобель мукофоти бор. Бу жами лауреатларнинг 22 фоизи дегани. Сайёра аҳолисининг чорак қисмини ташкил этадиган мусулмонларда эса атиги 15 дона. Шунинг ўзи хулоса чиқариш учун етарли маълумот, назаримизда.

Andijonlikman, Toshkentda yashayman. Oʻzbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetini tamomlaganman. “Daryo” tahririyatida 2024-yil noyabr oyidan buyon muxbir sifatida ishlayman va siyosiy, ijtimoiy hamda harbiy yoʻnalishlarga ixtisoslashgan materiallar tayyorlayman. “If qaʼlasining mahbusi” filmini miriqib tomosha qilaman. Lev Tolstoyning asarlarini, ayniqsa, “Urush va tinchlik”ni yoqtiraman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар