Daryo

Самарқандда ерусти метро йўли қурилиши кутилмоқда

Шаҳар ҳудуди Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳисобига кенгайтирилади

2 дақиқа ўқиш23 466 кўришлар0 изоҳ2

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 14 январдаги мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилди.

Мажлисда Самарқанд шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шунингдек, ҳудуднинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларни жадал ривожлантиришни таъминлаш ҳамда сервис хизматлар турлари ва сифатини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этиб ўтилди.

Хусусан, президент қарори билан, ҳудудда 2023—2030 йилларда “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар-жойлар комплексини барпо этиш дирексиясини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг таклифига асосан, Самарқанд туманидан 170 гектар ва Оқдарё туманидан 243 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Мажлисда қарор лойиҳаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳамда вилоят Кенгашларида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқулланганлиги қайд этилди. Шунингдек, қарор лойиҳасида ҳудуднинг чегараларини ўзгартириш ва унда белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида ҳукуматга комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Мазкур туман ва шаҳар чегараларининг ўзгариши билан “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ташкил этилиб, ушбу ҳудудда 254 та кўп қаватли уй-жойлар, 19 та ишбилармонлик ва бизнес марказлари, 50 та ижтимоий соҳа объектлари, 89 та кўнгилочар ва савдо комплекслари ҳамда тарихий шаҳарча барпо этилади.

Бундан ташқари, ҳудудда 112 километр ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, 6 километр ерусти метро йўли, 2 та катта кўприк ҳамда 7,2 километр ички коммуникация учун туннел, 180 километр ирригация қувури ҳамда 14 километр канал ва кўплаб суғориш иншоотлари қурилади.

Депутатларнинг фикрича, киритилаётган ўзгартишлар келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мажлисда қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар