Daryo

Янги йил куни овқатланишда нималарга аҳамият бериш керак? ССВ тавсияси

Жигар, буйрак ва ошқозоности бези касалликлари бор кишиларда нотўғри овқатланиш туфайли ушбу хасталиклар кучайиши эҳтимоли юқори

2 дақиқа ўқиш10 086 кўришлар0 изоҳ0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Янги йил куни қандай овқатланиш бўйича тавсиялар берди.

Фото: “Дарё” / Дилруҳ Исомиддинова

Маълум қилинишича, жигар, буйрак ва ошқозоности бези касалликлари бор кишиларда нотўғри овқатланиш туфайли ушбу хасталиклар кучайиши эҳтимоли юқори. 

“Содда қилиб айтганда, овқатга тўлган меъданинг ҳаракат функцияси сустлашади ва ошқозондаги озиқ моддаларнинг шира билан аралашуви қийинлашиб, ҳазм жараёни издан чиқади. Бу каби нохуш ҳолатларга барҳам бериш учун мутахассислар томонидан, аввало, овқатланиш тартибига қатъий риоя этиш ва кун давомида сабзавотли салатлар, ошкўклар, ҳўл мевалардан оз-оздан ейиш тавсия қилинади. Негаки, табиий маҳсулотлар тез ҳазм бўлади, боз устига, улар меъдамизга оғирлик қилмайди”, дейилади хабарда.

Мутахассислар қуйидагиларни ҳам тавсия этади:

  • Бирдагина кўп овқат еб қўймасликка эътибор беринг.
  • Асосий овқатлардан олдин сабзавотли ва мевали салатларни истеъмол  қилиш дуруст.
  • Овқатни кўкатлар  ва хом ҳолдаги сабзавот-у мевалардан тайёрланган салатлар билан қўшиб истеъмол қилиш ҳам ҳазм жараёнини меъёрлаштиради.
  • Ора-орада олма шарбатини ичинг, бу овқат ҳазмида фойдали.
  • Таом ҳарорати меъёрда бўлиши кераклигини ҳам эсдан чиқарманг.
  • Овқатлар оралиғида кўк чой ичсангиз бўлади, аммо муздек ичимликдан тийилган яхши.
  • овқатдан кейин ҳаракатланиш тавсия этилади, пиёда сайр қилсангиз янада яхши;
  • Хамирли, ёғли, қовурилган овқатларда ҳам меъёрни билиш муҳим. Улардан кейин қатиқ ва қатиқли салатлар ва ошкўклар тановул қилсангиз, тезда фойдасини кўрасиз.
  • Ёғсиз гўшт ёки парҳезбоп товуқ гўштидан фойдаланинг.
  • Мевали торт ва калорияси паст ширинликлардан истеъмол қилинг.
  • Таомларни шу куннинг ўзида тайёрлаш катта аҳамиятга эга ва бу жараёнда кўпроқ ўсимлик ёғларидан фойдаланинг.
  • Шўр бодринг, тузлама ва консервалардан тийилсангиз, ўзингизга фойда.
  • Дудланган гўшт маҳсулотлари, майонезли салат ва пишириқлар ҳамда газланган ичимликлардан ортиқча фойдаланмаслик мақсадга мувофиқ.
“Умуман, тўғри овқатланиш нафақат байрам кунлари, балки ҳамма вақтда бирдек муҳим. Бунга амалга қилганлар байрамни яхши кутиб олади ва бир умр саломат бўлади”, дея қўшимча қилинади маълумотда.

<p> </p> <div id="mttContainer" aria-expanded="false"></div>

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар