Daryo

“Эрон мушкул жумбоқ устида бош қотирмоқда” — Теҳрон Вашингтон билан келишадими? 

Сурияда Башар Асад режимининг қулаши Эроннинг ташқи сиёсатдаги “Шиа ҳилоли” лойиҳасига қаттиқ зарба бўлди. Боз устига, АҚШдаги президентлик сайловида Дональд Трампнинг ғалаба қозониши расмий Теҳронни мураккаб вазиятга солиб қўйди. Хўш, Эрон бу вазиятда қандай сиёсат юритади? АҚШ билан сулҳ эвазига ўзининг минтақадаги геосиёсий манфаатларидан воз кечадими? Мақолада шу ҳақда сўз боради.

7 дақиқа ўқиш18 524 кўришлар0 изоҳ1

Сурияда Башар Асад режимининг қулаши Эроннинг ташқи сиёсатдаги “Шиа ҳилоли” лойиҳасига қаттиқ зарба бўлди. Боз устига, АҚШдаги президентлик сайловида Дональд Трампнинг ғалаба қозониши расмий Теҳронни мураккаб вазиятга солиб қўйди. Хўш, Эрон бу вазиятда қандай сиёсат юритади? АҚШ билан сулҳ эвазига ўзининг минтақадаги геосиёсий манфаатларидан воз кечадими? Мақолада шу ҳақда сўз боради.

“Status-кво”нинг ўзгариши

Ўтган йили октябрь ойида Исроилнинг Фаластинга босқини занжир реакцияга киришиб, қўшни мамлакатлар — Ливан ва Сурия ҳудудига ёйилди. Исроил томонидан “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС етакчиларининг овланиши ҳамда Ливан, Сурия ва Ироқ ҳудудларига уюштирган тинимсиз ҳаво зарбалари охир-оқибат Эрон томонидан минтақада АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши курашиш мақсадида ташкил этилган “қаршилик ўқи”ни синдирди. Шу билан бирга, Сурияда Башар Асад ҳукуматининг қулаши Яқин Шарқдаги “статус-кво” (муайян пайтдаги ҳолат — таҳр.)ни мутлақо ўзгартириб юборди.

8 декабрь куни мухолиф кучлар Сурия пойтахти Дамашқ шаҳрини эгаллаб олгач, Эрон элчихонасига ҳужум уюштирди. Аввалроқ The New York Times газетаси Эрон дипломатлари ва ҳарбий маслаҳатчиларини Суриядан олиб чиқаётгани ҳақида ёзганди. Элчихонага бостириб кирган исёнчилар Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг портретини оёқ ости қилишди.

Бундан ташқи, элчихона ташқарисига илиб қўйилган “Ҳизбуллоҳ” етакчиси марҳум Ҳасан Насруллоҳ (вафоти — 2024 йил 28 сентябрь) ва Ислом қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймоний (вафоти — 2020 йил 3 январь)нинг сурати йиртиб ташланди. Бу эса мажозий маънода Эроннинг Суриядаги ҳукмронлигига нуқта қўйилганини англатади.

Дамашқдаги Эрон элчихонаси. Иллюстрация 
Фото: yahoo.com

Собиқ дипломат, сиёсатшунос олим Шоислом Акмалов “Дарё” билан суҳбатда Эроннинг Сурияда ҳеч қандай имконияти қолмагани, Башар Асад режимининг қулаши Эрон билан боғлиқ эмаслигини ва бу ерда қўшни мамлакатлар ўзаро келишган ҳолда мавжуд имкониятдан фойдаланганини айтиб ўтди.

Сурияда Эроннинг ҳеч қандай имконияти қолгани йўқ. Тўғри, Башар Асад Россия ва Эрон ёрдамидан фойдаланган ҳолда ўз ҳокимиятини ушлаб турди. Лекин Асад ҳокимиятининг қулашини Эроннинг заифлиги билан боғлаш бир оз нотўғри. Чунки 2009 йилда Қатар ўз газини Сурия ҳудуди орқали Европага сотиш ҳаракати билан чиққан эди. Бироқ бу лойиҳага Башар Асад “йўқ” деб жавоб қайтарганди. Мен “15 йил ўтганидан кейин Сурия атрофидаги давлатлар ўзаро келишиб, имкониятдан фойдаланишди” деб ўйлайман.

Нега бирданига Эроннинг таъсир кучи заифлашди? Теҳроннинг заифлиги — ҳарбий-сиёсий томондан шундай қарор қабул қилишига ундади. Бу ерда Эроннинг ички ҳаётини ҳам инобатга олишимиз керак. Ҳозир ёш авлод Эрон ҳукуматининг ишларидан бир оз норози. Ҳар қандай давлат ўзининг ички турмуш-тарзидан келиб чиқиб ташқи сиёсат олиб боради.

Агар ички омиллар инобатга олинмасдан ҳаракат қилинса, мамлакат ичида бундан катта муаммолар келиб чиқиши мумкин. Мен ўйлашимча, Эрон ҳукумати бу масалага ҳам эътибор қаратган, дейди у.

Эрон элчихонасининг талон-торож қилиниши

Эрон “қаршилик ўқи”ни қайта тиклайдими?

Эроннинг Яқин Шарқ минтақасидаги “қаршилик ўқи” стратегияси (“Resistance Axis”) — бу Эроннинг 2000 йиллардан бошлаб, асосан, Яқин Шарқдаги баъзи давлатлар ва гуруҳлар билан ривожлантирган иттифоқи ва стратегияси бўлиб, ундан асосий мақсад — Эроннинг геосиёсий таъсирини кучайтириш, Исроил ва АҚШга қаршилик ҳаракатини ташкил этишдир.

Эроннинг бу стратегияси 1980 йилларда, Эрон-Ироқ уруши даври (1980–1988 йиллар)да шакллана бошлаган. Аммо уни аниқ бир “қаршилик ўқи” стратегиясига айлантириш 2000 йилларга бориб тақалади. Айрим маълумотларга кўра, бу стратегияни яратиш ғояси Эрон Ислом Республикасидаги нуфузли генераллардан бири, жанговар “ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний томонидан ўйлаб топилган. Шу билан бирга, генерал Сулаймоний “қаршилик ўқи” стратегиясининг амалиёти ва ривожланишида муҳим рол ўйнаган.

“Қаршилик ўқи” стратегияси доирасида бир неча давлатлар ва ташкилотлар таъсири юқори. Улар қуйидагилар:

Эроннинг “қаршилик ўқи” стратегияси
Фото: stalose.com

Эрон: Асосий қўмондон ва стратегик марказ.

“Ҳизбуллоҳ” (Ливан ва қисман Сурия): Бу гуруҳ — Ливандаги шиа мусулмонлари томонидан ташкил этилган, асосан, Исроилга қарши фаолият юритувчи қуролли ташкилот ва сиёсий партия ҳисобланади. “Ҳизбуллоҳ” Эрон томонидан қурол-яроғлар, молиявий ёрдам ва сиёсий қўллов олади. Шунингдек, асосий иттифоқчиси сифатида Сурия ҳудудида ҳам фаолият юритар эди.

Яман (ҳусийлар): Ямандаги ҳусийлар бу — Яманнинг шимолида жойлашган, асосан, шиа мусулмонлари ташкил этган қуролли ҳаракат ва сиёсий кучдир. Ушбу гуруҳ Эроннинг қўллаб-қувватлаши остида, Ислом инқилоби тамойилларига таянади, Яман давлати ичида катта сиёсий ва ҳарбий таъсирга эга.

Ироқ (“Ҳашд ал-Шааби” ёки “Халқ мовийлари”): Эроннинг таъсири остидаги баъзи шиа қуролли гуруҳлари, улар асосан Исроил ва АҚШга қарши курашади.

Эрон Ислом республикаси Олий раҳбарининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятийнинг сўзларига кўра, 2012 йилдан бери Суриядаги “Ҳизбуллоҳ” ва бошқа гуруҳларга йиллик молиявий ёрдам миқдори 8 миллион долларни ташкил этган. 2020 йилда АҚШ давлат департаменти Эрон “Ҳизбуллоҳ”га йилига 700 миллион доллар берганини аниқлаган.

Picture background
“Ҳизбуллоҳ” жангарилари
Фото: en.topwar.ru

Асад ҳукумати ағдарилганидан кейин Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ўз нутқида “Эрон кучли ва қудратли, бундан кейин ҳам кучлироқ бўлади”, деган. Лекин расмий Теҳрон бўлаётган воқеликларга жавоб тариқасида шахмат донасини сурганича йўқ.

Вақт ўтиши билан Эрон парчаланган “қаршилик ўқи”ни қайта тиклашга ҳаракат қилиши мумкинми, деган саволга Шоислом Акмалов жавоб берар экан, бу биринчи ўринда Эрон манфаатларига хизмат қилувчи куч топилишига боғлиқ эканини таъкидлади.

Исроил томонидан зарба берилган кучларни қайта тиклаш учун жуда катта харажат зарур. Бундан ташқари, уларнинг ичида Эронга содиқ қолганлар борми? Чунки бу атрофдаги бошқа гуруҳларга катта сабоқ бўлди.

Эронга тобе кучлар “келажакда Эрон яна бизни ёлғиз ташлаб қўймайдими”, деган саволни ўз олдига қўйиши аниқ. Айни дамда фақат Ямандаги ҳусийлар ўз кучини сақлаб қола олди.

Агар Эрон манфаатлари учун ишлашга онгли равишда тайёр кучлар бўлсагина, Эрон йўқ қилинган “қаршилик ўқи”ни қайта тиклаши мумкин. Лекин Эрон бу ишни айни замонда амалга ошириши жуда мушкул. Боиси бу стратегия ғоявий томондан дарз кетди, дейди собиқ дипломат.

АҚШ билан эҳтимолий келишув

АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловида Дональд Трампнинг ғалаба қозониши Эрон олдидаги вазиятни янада чигаллаштирди. Трампнинг биринчи президентлик даври (2017-2021)да АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабат кескинлашиб, деярли томонлар уруш ҳолатига келиб қолган эди.

Тhе Wаll Street Journal ёзишича, яқинда Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан телефон орқали мулоқот қилиб, Эроннинг ядро соҳасидаги ютуқларидан ташвишда эканлигини билдирган.

Трамп жамоаси аллақачон Эронни жиловлаш бўйича стратегия ишлаб чиққан. АҚШ ушбу режа амалга ошиши учун Эрон ядро объектларини ишдан чиқара оладиган замонавий қуролларни Исроилга етказиб бериши керак бўлади.

Picture background
Дональд Трамп
Фото: bloomberg.com

Мураккаб вазиятга тушиб қолган Эрон АҚШ билан келишув эвазига минтақавий куч сифатида Яқин Шарқдаги ўзининг геосиёсий манфаатларидан воз кечадими? Шоислом Акмаловнинг фикрича, Трампнинг сайловда ғалаба қозониши Эрон учун кутилмаган ҳолат, айни дамда расмий Теҳрон жавобини топиш ўта мушкул бўлган жумбоқ устида бош қотирмоқда.

Дональд Трампнинг сайловда ғалаба қозониши Эрон учун кутилмаган ҳолат бўлди. Чунки Трампнинг биринчи президентлик давридаги ташқи сиёсатида Эрон томонга интилиш бўлмади. Ваҳоланки, бунгача 5 та энг йирик давлат бош қўшган ҳолда Эроннинг ядро дастури бўйича битим тузилган эди.

Унга кўра, Эрон ўзининг ядро дастурини қисқартириши эвазига, унга нисбатан қўлланган иқтисодий санкциялар олиб ташланиши ва Европа банкларида музлатиб қўйилган Эрон маблағлари қайтарилиши керак эди. Лекин Дональд Трамп ҳокимиятга келгач, АҚШ бу келишувдан чиқиб кетганди.

Назаримда, Эрон яна АҚШ билан музокараларга қайтса керак. Қўшма Штатлар Теҳрон олдига бир қанча қатъий шартларни қўйиб, агар Эрон шу шартларга кўнса ва Америка томони Эронга нисбатан қаттиқ сиёсат олиб бормаслигини, Исроилни ҳам ён босишга кўндириш мумкинлигини билдирса, бир гап бўлади.

Собиқ дипломат, сиёсатшунос олим Шоислом Акмалов
Фото: “Дарё”

Агар Эрон Яқин Шарқдаги геосиёсий манфаатларидан воз кечмаса, у қийин аҳволга тушиб қолади. Трамп Исроил Эроннинг ядро объектларига зарба беришини очиқ-ошкора қўллаб-қувватламоқда. Агар шундай воқелик содир бўлса, эҳтимол, Эрон ва Исроил ўртасида ҳарбий тўқнашув келиб чиқиши мумкин. Боз устига, Яқин Шарқдаги Эроннинг “кўнгиллилар” армияси йўқ қилинган.

Шунингдек, ички муҳит ҳам яхши эмас. 2022 йилда курд қизининг ўлими ортидан Эронда қатор ички намойишлар бўлиб ўтган эди. Мана бу омилларни ҳам ҳисобга олиш зарур. Эрон жавобини топиш ўта мушкул жумбоқ устида бош қотирмоқда. Эрон раҳбарияти агар чуқур ўйлаб бир қарорга келса, бу ёмон қарор бўлмайди, дейди собиқ дипломат.

МАГАТЭ махфий ҳисоботида

айтилишича, Эроннинг умумий бойитилган уран захираси 2023 йил 28 октябрь ҳолатига кўра 4 486,8 кг (9 891,7 фунт)га баҳоланган. Дональд Трамп 12 декабрь куни Эроннинг “бир неча ҳафта ичида бомба яратиш” имкониятлари ҳарбий тўқнашувга олиб келишини инкор этмади.

Айни вақтда Исроил Эрон ҳудудидаги ядровий объектларга эҳтимолий зарба беришга тайёрланмоқда. Нетаньяху Эрон аҳолисига мурожаат қилиб, Исроил “ўзи билан чинакам тинчлик истовчи барча давлатлар билан тинчлик ўрнатишни хоҳлаётганини” айтди. Расмий Теҳрон эса бу “сигнал”дан кейин сукут сақламоқда. Балки сукут — ризо аломати, деганлари шудир!?

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар