Daryo

Президент спортчиларнинг ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга эзгу тилак билдирди

Тадбирда моҳир ва жонкуяр мураббийларга, барча мутасадди ва мутахассисларга ҳам миннатдорлик билдирилди

2 дақиқа ўқиш7 058 кўришлар0 изоҳ0

Президент Шавкат Мирзиёев бу гал озгина омад етишмаган бўлса-да, ватан шарафини бор куч-ғайрати билан ҳимоя қилган, қизғин беллашувларда катта тажриба орттирган спортчилар – пара дзюдочилар Турғун Абдиев, Улжон Амриева, Шоҳруҳ Мамедов, Феруза Эргашева ва пара каноeчи Шаҳзода Мамадалиевани ҳам самимий табриклаб, келгуси мусобақаларда уларнинг барчасига зафар ёр бўлишини тилади.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

“Чиндан ҳам, бу ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – бу юксак ирода ва матонатдир. Лекин одамнинг қалбига мана шундай ирода ва матонатни сингдириш, уни тарбиялаб, камолга етказиш – бу албатта осон иш эмас. Очиқ айтиш керакки, бундай жасорат ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди. Ўз олдингизга қўйган мақсадга эришиш йўлида сизларнинг бошқаларга қараганда ўн марта, балки юз марта кўпроқ меҳнат қилишингизга, машаққат чекишингизга тўғри келганини ҳам мен яхши англайман. 

Мана шундай мураккаб дамларда сизларнинг юрагингизга умид ва ишонч, қатъият ва жасорат туйғусини бағишлаган, сизлар билан ёнма-ён туриб, сизларни доимо қўллаб-қувватлаб, зафарли марралар сари руҳлантирган фидойи инсонлар бор.  Булар – аввало сизларнинг меҳрибон ота-оналарингиз, яқинларингиз, жигарларингиздир. Сизлар эришган ғалабаларда уларнинг ҳам албатта муносиб ҳиссалари бор”, деди президент.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Давлат раҳбари қаҳрамон спортчиларнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзоларини ҳам олқишлаб, уларга энг эзгу тилаклари ва ҳурматини билдирди.

Тадбирда моҳир ва жонкуяр мураббийларга, барча мутасадди ва мутахассисларга ҳам миннатдорлик билдирилди.

Айниқса, пара енгил атлетика бўйича тажрибали тренерлар – Иброҳимжон Юсупов, Яҳёбек Яқубов, Сардор Худайберганов, Григорий Камуля, Азизжон Норматов, Раҳмонберди Хўжамов, Галина Казаковага, пара дзюдо бўйича моҳир мураббийлар – Маҳмуд Омонов, Муратбой Дусумбетов, Алфия Ибрагимова, Фозил Караматов ва пара таэквондо бўйича таниқли мураббий Бобур Қўзиевга, пауэрлифтинг бўйича тажрибали устозлар – Фазлиддин Умирзоқов, пара сузиш бўйича Равшанбек Амилов ва ўқ отиш бўйича Наталя Ефимовага, шунингдек, психолог мутахассис Лола Агзамовага алоҳида ташаккур изҳор этилди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман
“Бугун бир ҳақиқатни тўла ишонч билан айта оламиз: Янги Ўзбекистоннинг ўз матонат мактаби, шон-шараф мактаби бор. Бу мактабнинг чинакам бунёдкорлари сизлар, десак, буям айни ҳақиқат бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Мамлакатда спорт ва жисмоний тарбия соҳасини, паралимпия ҳаракатини равнақ топтиришга берилаётган эътибор, имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга инклюзив шароит яратиш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Ўтган йилдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолият бошлаган. Адаптив спортни ривожлантириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни спортнинг ушбу йўналишига жалб этиш мақсадида Адаптив спорт турлари ассоциацияси ташкил қилинди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Президент Париж майдонларида эришилган тарихий ғалабаларда уларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини қайд этиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адаптив спорт турлари ассоциацияси ҳамда барча спорт федерациялари раҳбарлари ва фаолларига ҳам самимий миннатдорлик билдирди.

<p> </p> <div id="mttContainer" aria-expanded="false"></div>

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар