Daryo

Марказий банк асосий ставкани пасайтириб, 13,5 фоиз этиб белгилади 

Бундай қарор инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганини инобатга олиб қабул қилинди

1 дақиқа ўқиш12 284 кўришлар0 изоҳ0

Ўзбекистон Марказий банки 25 июль куни асосий ставкани йиллик 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Қайд этилишича, базавий инфляциянинг пасайиши ва инфляцион кутилмалар динамикаси энергия тарифлари оширилишининг инфляцияга иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлаётганлигини кўрсатиб, йил якунида инфляция прогноз коридорининг қуйи чегараларида шаклланиши бўйича ишончни оширмоқда.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ишлаб чиқаришнинг ижобий тафовутини қисқариб боришига ва талаб томондан инфляцион босимнинг пасайишига хизмат қилмоқда.

Инфляциянинг кутилаётган динамикаси ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлигини инобатга олиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Июнь ойида умумий инфляция йиллик 10,6 фоиз даражасида шаклланиб, инфляциянинг барқарор компонентлари ва мева-сабзавотлар нархларида сезиларли пасайиш кузатилди. Ташқи бозорлардаги нархлар динамикаси ҳам импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Шунингдек, озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ижобий таъсир кўрсатиб, июнь ойида сезиларли пасайишига олиб келди. Бу эса кутилмалар томонидан инфляцияга босимларни пасайиб боришига шароит яратади.

Базавий инфляциянинг пасаювчи динамикаси давом этиб, июнда 5,9 фоизга тенг бўлди ва йил бошидан 2,6 фоиз бандга пасайди. Бу энергия тарифлари ўзгаришининг иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлгани билан изоҳланиб, инфляциянинг келгусида ҳам пасаювчи трендининг давом этишига ишора бермоқда.

Ўзбекистонда 2023 йил 16 мартда асосий ставкани йиллик 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгиланди. Шундан буён асосий ставка ўзгаришсиз қолиб келаётганди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар