Daryo

ЖСТ бош директори Ўзбекистон яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирди

Ташкилот раҳбари бу борада Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чораларни юқори баҳолади

2 дақиқа ўқиш22 258 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувда Ўзбекистоннинг тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон ўз олдига ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш бўйича қўйган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ташкилотга қўшилиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш, шунингдек, жараёнда иштирок этаётган мутахассислар салоҳиятини кучайтириш ва малакасини ошириш масалаларига тўхталди.

ЖСТ бош директори Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолади. Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТ котибияти Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда мамлакат яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув якунида Ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига тайёргарликни жадаллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда қонунчиликни ЖСТ битим ва қоидаларига уйғунлаштириш юзасидан келишувга эришилди.

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида ҳам Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши масаласига тўхталиб ўтганди.

“Иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифамиз — яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишдир”, — деди президент.

Ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистонга нима беради?

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлишдан бир неча жиҳатдан фойда кўриши мумкин:

Янги бозорларга чиқиш: ЖСТга аъзо бўлиш орқали Ўзбекистон бутун дунё бўйлаб кенгроқ бозорларга чиқиш имкониятига эга бўлади. Бу экспорт ҳажмини ошириш ва мамлакатда хорижий сармояларни кўпайтиришга ёрдам беради. Натижада иқтисодий ўсиш ошади ва кўпроқ иш ўринлари яратилади.

Яхшиланган савдо қоидалари: Ўзбекистон ЖСТ аъзоси сифатида халқаро савдо қоидалари ва талабларига риоя қилиши талаб қилинади. Бу мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, савдо амалиётида шаффофликни ошириш ва коррупцияни камайтиришга ёрдам бериши мумкин.

Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш: ЖСТ интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун асос яратади, бу Ўзбекистоннинг ўсиб бораётган технология ва ижодкорлик саноати учун муҳимдир. 

Низоларни ҳал қилиш: ЖСТ халқаро савдо билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш учун платформани тақдим этади. Ташкилотга қўшилиш орқали Ўзбекистон бошқа давлатлар билан низоларни адолатли ва холис ҳал этишга ёрдам берувчи механизмдан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Умуман олганда, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига тўлиқроқ интеграциялашувига, савдо амалиётини яхшилашга ва иқтисодий ривожланишга ёрдам беради. Бу бўйича музокаралар сўнгги йилларда анча олдинга силжиди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар