Daryo

Сурхондарёда Афғонистон ҳарбий самолёти қулаб тушгани тасдиқланди

Ҳозирги пайтда ваколатли идоралар томонидан ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда

1 дақиқа ўқиш141 082 кўришлар0 изоҳ0
Foto: Telegram / Topnewsuz

15 август куни кечқурун Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида Афғонистон фарқлаш белгилари бўлган самолёт қулаб тушгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон ҳаво кучларига тегишли самолётнинг Сурхондарёда қулаб тушганини «Дарё»га тасдиқлади.

Фото: Telegram / Topnewsuz

Вазирлик таъкидлашича, давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринишнинг олди олинган. Ҳозирги пайтда ваколатли идоралар томонидан ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Суриштирув натижалари бўйича қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси вакили «Дарё» мухбири билан суҳбатда Шерободга Афғонистон самолёти қулаганини қисман тасдиқлаганди. «Кўзим билан кўрганим йўқ, аммо самолёт бор дейишди», — дейди бошқарма вакили.

«Тошкентдан етиб келган 25 нафар эксперт самолёт қулаши билан боғлиқ ҳодиса тафсилотларига аниқлик киритади. Шундан кейин самолёт қандай қулагани бўйича маълумот бера оламиз», — деди Сурхондарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси вакили «Дарё» мухбири билан суҳбатда.

Ижтимоий тармоқларда Термиз аҳолиси 15 август куни портлашни эшитгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, аммо бу маълумот тасдиқланмади. Бундан аввал Термиз осмонида Ўзбекистоннинг ўнлаб ҳарбий вертолётлари тинимсиз учиб ҳаво сарҳадларини қўриқлаётгани, шунингдек, БТРлар колоннаси ҳаракатланиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалди. Видеолар Термиздаги Афғонистон билан чегара ҳудудда яшовчи фуқаролар томонидан олинган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар