Daryo

Ўзбекистон давлат герби қабул қилинганига 28 йил тўлди

«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган

2 дақиқа ўқиш50 498 кўришлар0 изоҳ1
Sudyalar Oliy maktabi binosidagi gerb. Foto: “Daryo” / Madina Nurman

2 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 28 йил тўлди. Шу муносабат билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов давлат герби масаласига тўхталиб ўтди.

Фото: «Lex.uz»

«Ушбу қонун бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера оладими? Мисол учун, автомашиналар ойналари, футболкалар, телефон ғилофларида давлатимиз герби туширилганини кузатиш мумкин.

Қонунда давлат гербидан фойдаланишнинг қатор тартиблари белгилаб қўйилган. Хусусан, давлат гербининг тасвири унинг катта-кичиклигидан қатъи назар, қонунга илова қилинаётган рангли ва оқ-қора тасвирига аниқ мос бўлиши керак, давлат гербининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас», — дейди у.

Депутат, шунингдек, давлат гербига ҳурматсизлик қилганлик учун жиноий жазо чоралари белгилаб қўйилганини таъкидлаб ўтди.

«Қонунчилик билан давлат рамзлари, шу жумладан, давлат гербидан фойдаланишда бироз эркинликлар берилиши, фуқароларимиз уларни севишлари, ҳурмат қилишлари ва фахрланишларини намойиш эта олишлари учун шароит яратиш пайти келди, деб ҳисоблайман», — дея сўзларини якунлаган Акмал Бурҳонов.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.

Ўзбекистон гербидаги тоғлар қайси рангда бўлиши керак?

Давлат герби тўғрисидаги қонунга мувофиқ, гербнинг рангли кўринишида Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангда; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангда; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангда тасвирланган бўлиши керак. Аммо аксарият давлат ташкилотларида фойдаланилаётган ва кўрсатилаётган гербларда, масалан, тоғлар кўк рангда эканини кўриш мумкин.
Ўзбекистон Сенати биносидаги герб.Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги герб.Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Судьялар Олий мактаби биносидаги герб.Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Бош прокуратура биносидаги герб.Фото: «Дарё» / Мадина Нурман
Тошкент шаҳар ҳокимлигида экранга чиқарилган герб тасвири.Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддасига кўра, Ўзбекистон ёки Қорақалпоғистоннинг давлат байроғи, давлат герби ёхуд давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари (2 июль ҳолатига кўра — 669 минг сўм)гача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти баравари (1 561 000 сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар