Daryo

Ўзбекистонда Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади

Ушбу стипендия олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабаларга берилади

1 дақиқа ўқиш52 358 кўришлар0 изоҳ0
Foto: “Daryo”

Ўзбекистонда 2020—2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилади, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Бу ҳақда 21 апрель куни имзоланган «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида қайд этилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги кенг нишонланади. Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номи берилади.

Шунингдек, «Камолиддин Беҳзод издошлари» миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил этилади ва ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб борилади.

2020 йил 15 сентябрга қадар Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбони замонавий қиёфада қайта ташкил этилади ва унинг ҳудудидаги Камолиддин Беҳзод ҳайкали 2022 йилда бронзага алмаштирилади.

Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузурида:
  • Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази;
  • олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорати устахонаси (Олий рассомлик курси) ташкил этилади.
Марказ фаолияти 2022 йил 1 январдан, Рассомлик маҳорати устахонаси фаолияти 2022—2023 ўқув йилидан бошланади. Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига Ўзбекистон тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган атоқли ижодкор Павел Бенков номи берилади. 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий академияси марказий аппарати ходимларининг лавозим маошига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгиланади. Мавзуга доир: 

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар