ЎзА Миллий ахборот агентлиги асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг муваффақиятига эришиш тарихи ҳақида мақола эълон қилди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.

Шу ерда мультимиллионер ёки миллиардер Алишер Усмонов ўзининг бош мақсадини, ҳаётий шиорини эълон қилгандек бўлди: гап шундаки, бизнесменнинг бутун мол-у мулки унинг умр бўйи ўзи учун, яқин кишилари учун, хайр, садақа учун, яъни ҳомийлик йўлида сарф қиладиган харажатларнинг йиғиндиси билан ўлчанади. Қолган маблағи уники эмас. «Маблағларим мени янги-янги ишларга, лойиҳаларни амалга оширишга чорлайди. Каттадан-катта ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқариш, ҳаётга тадбиқ этиш имконини беради. Мен яқин орада «Санъат ва спорт» хайрия фондимни ўзимнинг бош ташкилотим деб ҳисобласам керак», — дейди жаҳонга машҳур тадбиркор. Тадбиркорнинг бу гапини унчалик англай олганимиз йўқ. Бу гапидан у нима ишбилармонликни ташлаб фақат спорт ва ҳомийлик билан шуғулланмоқчими? Яна билмадик. Ҳар ҳолда унинг шундай фикри, нияти ҳам йўқ эмас.
Хорижлик бизнесменларнинг таъкидлаши бўйича, Ўзбекистонда ишбилармонлик, тадбиркорлик билан кенг кўламда шуғулланиш имкониятлари чорак асрдан буён мана энди рўёбга чиқа бошлади. Мамлакат иқтисодиётини равнақ топтириб, халқ турмуш шароитини кўтаришга хизмат қиладиган бу хосиятли жараённинг кўпчиликка, айниқса жаҳон ҳамжамиятига тушунарли қонун-қоидалари ишлаб чиқилиб ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон шаҳдам қадам ташлаб, катта суръатлар билан ривожланаётган бугунги доруломон кунларда Россияда яшайдиган ва бир дақиқа бўлса ҳам, ватанини унутмаган ҳамюртларимизнинг ўз ватанига, она ерига қизиқиши ортди. Улар Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларда иштирок этиш истакларини билдиришмоқда. Москва ОАВларининг хабарига қараганда наманганлик жаҳонга машҳур бизнесмен Алишер Усмонов Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга йўналтирган ҳатти-ҳаракатларини анча фаоллаштирган.
Алишер Усмонов... Россияда истиқомат қиладиган жаҳонга машҳур ўзбек бизнесмени. Ҳозир у ўзининг номидаги «USM Holdings» компаниясининг 48% акциялари пакетига ва Байкалдаги «Металлоинвест» тоғ-кон компаниясига эга. Шунингдек, Усмоновнинг «Новий медиа холдинг», «Коммерсантъ» нашриёт уйи, «Химки Групп» девелопментида ҳам салмоқли улуши бор.
Алишер Усмонов 1953 йили 9 сентябрь куни Чуст шаҳрида туғилган. Унинг оиласи камбағаллик нима эканлигини билмайдиган оилалардан эди. Отаси Тошкент шаҳар прокурори бўлиб ишлаган. Унга болалигидан истаган нарасини муҳайё этишарди. Бой оиланинг тўқ болалари катта бўлганида ким бўлиши масаласи жуда баҳсли ва номаълум. Ўзига тўқ камчилиги йўқ оилалардан ким-қанча ва қандай одамлар чиқмади, дейсиз?!
Оила бошлиғи Бурхон ота Усмонов қаттиққўл, болаларнинг кўнглига қараб ўтирмайдиган талабчан киши бўлиб оилада ҳам, дўстлари орасида ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган киши эди. У ўғлининг ўқишга ва спортга бўлган қизиқишини кўриб уни қўллаб-қувватлади. Ёғочдан йўнилган қилич билан қиличбозлик қилаётганини кўриб эса унга керакли бўлган барча спорт асбоб ва анжомларини сотиб олиб беради ва қиличбозлик сексиясига бориб ёздиради. Алишер спорт билан шунчаки ҳазилакам эмас балки жиддий равишда шуғуллана бошлади ва ҳамма бўш вақтларини спорт машғулотларида ўтказди. У тез орада севган спорт тури бўйича жиддий натижаларни қўлга кирита бошлади ва спорт оламида мусобақаларда қиличбозлар орасида доимо ғолиб чиқадиган Алишер исмли ёш бола пайдо бўлади. Ярим йил ўтар-ўтмас у Республика ўсмирлар терма жамоаси таркибига олинди. Бир нечта жиддий рақиблар билан ўтган ғалабаларидан сўнг эса СССР терма жамоасига олинди. Чустлик ўспирин кўп ўқийдиган романтик бола эди. У ёшлигида француз ёзувчиси Александр Дюманинг машҳур «Уч мушкетёр» – («Уч қиличбоз») романини ўқиб спортнинг қиличбозлик тури — фехтование билан шуғулланишга қарор қилади. Икки йил машқдан сўнг ёш қиличбоз Алишер Усмонов Республика терма жамоасига қабул қилинади. Кўп ўтмай у ўз касбининг устаси – спорт мастери унвонини олади. Бу билан у қониқмайди. Бу соҳада янада юқорироқ натижаларга эришиш учун у қаттиқ ҳаракат қилади ва энг ёш моҳир қиличбоз сифатида СССР терма командаси мусобақаларида қатнаш ҳуқуқини қўлга киритади.








