Пекин микробиология ва эпидемиология институти олимлари каналар орқали тарқаладиган ва асаб тизимига зарар етказувчи янги вирусни аниқлади. Тадқиқот натижалари The New England Journal of Medicine илмий журналида эълон қилинди.
Янги аниқланган патоген сув-ботқоқ вируси ёки WЕLV деб номланган. У дастлаб Хитой шимолидаги Ички Мўғулистон паркида кана чаққан 61 ёшли эркакда аниқланган. Беморда иситма, бош оғриғи ва қайд қилиш аломатлари кузатилган. Антибиотиклар касаллик белгиларини енгиллаштирмаган, бу эса инфекцияни бактериялар келтириб чиқармаганини билдиради.
Эркакнинг қонидаги ДНК ва РНК таҳлилида илгари кузатилмаган ортонаировирус аниқланган. Бундай вирусларга каналар орқали тарқаладиган бир қатор патогенлар киради. Улар орасида Қрим-Конго геморрагик иситмаси вируси ҳам бор.
Илгари WЕLV вируси на ҳайвонларда, на одамларда кузатилган. Беморнинг қонида аниқлангандан сўнг, тадқиқотчилар 14,6 мингга яқин канани йиғиб, уларни жойлашуви ва турига кўра гуруҳларга ажратиб таҳлил қилган. Бу гуруҳларнинг тахминан 2 фоизи WЕLV генетик материалига ижобий натижа кўрсатган.
Беш турдаги кана вирусни юқтира олади, бироқ кўпинча WЕLV ташувчилари Haemaphysalis concinna (иксод каналарининг бир тури) бўлиб чиқди. Шунингдек, вирус тадқиқотчилар ўрганган қўй, от ва чўчқаларнинг оз қисмида ҳам аниқланган.
Касаллик аломатлари
Янги инфекция билан касалланган беморларда иситма, бош айланиши, бош оғриғи, ҳолсизлик ва бел оғриғи, шунингдек, кўнгил айниш, қайд қилиш ва ич кетиши каби умумий аломатлар кузатилган. Лаборатория таҳлиллари натижалари кўплаб беморларда тўқималарнинг зарарланиши ва қон ивишининг белгиларини кўрсатган.
Эътиборли жиҳати шундаки, WЕLV билан касалланган бир бемор ҳушидан кетиб, комага тушган. Бу беморнинг мия ва орқа мияни ўраб турувчи суюқлигида лейкоцитлар миқдори юқори бўлган, бу эса инфекция борлигини кўрсатувчи белги ҳисобланади.
Олимлар WЕLV билан касалланган барча одамлар бир-икки ҳафта ичида соғайиб кетганини айтмоқда. Бироқ, лаборатория сичқонларида ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатганки, WЕLV мия ва бошқа аъзоларни зарарлаб, ўлимга олиб келиши мумкин.
Изоҳ (0)