Чехиянинг Крумлов ўрмонида археологлар чақмоқтош қазиб олиш вақтида ноёб қабрларни излаб топди. Чақмоқтош қадимда меҳнат қуроллари ва қимматбаҳо буюмлар ясашда муҳим хом ашё бўлган.
Тадқиқот натижалари Archaeological and Anthropological Sciences (ААS) журналида чоп этилди, дея хабар берди Закон.кз.

Қабрдан икки аёл ва янги туғилган чақалоқ қолдиқлари аниқланган. Суяк таҳлили натижаларига кўра, аёллар жуда оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланган: уларнинг умуртқа поғоналарида мураккаб меҳнатдан сўнг пайдо бўладиган ўзгаришлар — остеофитлар, суяк қийшайиши, эрозия ва ҳатто синган қўллар аниқланган. Олимларнинг тахминича, улар тор шахталарда эгилган ҳолатда чақмоқтош қазиган.
Изотоп таҳлиллари бу аёлларнинг бошқа аҳолига нисбатан кўпроқ ҳайвон оқсили истеъмол қилганини кўрсатди. Эҳтимол, уларнинг кончилик билан шуғулланишга кучи етиши учун кўпроқ гўшт маҳсулотлари еган. Бундан ташқари, бу аёллар жиддий жароҳатлар олганига қарамай, оғир меҳнат қилишда давом этган.

Генетик текширув бу икки аёл яқин қариндош, эҳтимол, опа-сингил бўлганини кўрсатди. Чақалоқ эса улар билан қондош эмаслиги аниқланди. Аммо нега улар бирга кўмилгани эса ҳозирча сирлигича қолмоқда.
Бу топилмалар Европада шу пайтгача маълум бўлган энг қадимги шахта қабрлари ҳисобланади ва улар неолит даврида оғир кончилик ишларини аёллар ҳам бажарганининг ноёб далили бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ (0)