Тошкент шаҳрида деярли ҳар йили, юл транспорт ҳодисалар йилма йил кўпайишини ва айнан ҳайдовчиларнинг автотранспорт воситаларига зарар етиши билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлмоқда. Бундай ҳолларда ҳайдовчиларда битта савол пайдо бўлади: автотранспорт воситага етказилган зарар қандай қопланади? “Дарё” нашри айнан шу саволларга жавоб олиш мақсадида суғурта компанияси вакилларини ва масъулларни саволга тутди.
“Аввало аҳоли ва ҳайдовчилар мажбурий ҳамда ихтиёрий суғурта турлари ўртасидаги фарқни ажратиб олиши лозим. Мажбурий суғурта деганда нимани тушунамиз? Кўпчилик бу суғуртани ЙПХ инспектори учун дейди. Аслида ундай эмас, бу суғурта тури транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш деб юритилади. Фуқаролик жавобгарлик деганда ҳар бир инсоннинг бошқа инсонга нисбатан жавобгарлиги назарда тутилади. Ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқараётганда бошқа одамларга нисбатан уларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулкига зарар етказилиши мумкин бўлган ҳолатлардан ўзини эҳтиёт қилиш учун айнан шу суғурта ишлатилади. Яъни содда қилиб айтганда, йўл транспорт ҳодисаси юзага келганда, сиз ҳайдовчи сифатида бошқа бир автомобилга зарар етказиб қўйсангиз, зарарини сизнинг номингиздан қоплаб бериш учун ишлатилади.
Бу суғурта тўловининг юқори миқдори 40 миллион сўмни ташкил қилади. Бундан 26 миллион сўмгача бўлган пул фуқарога етказилган зарар учун бўлса, 14 миллионгача бўлган маблағ автомобилга етказилган зарарни қоплаш учун сарфланади. Мазкур суғурта тури 1920 йилларда Америка Қўшма Штатларида кенг ривожланган, татбиқ этилган. 1930 йиллардан эса Европа мамлакатларига ҳам татбиқ этилган. Ихтиёрий суғурта турида эса қанақа ва кимга зарар етказилишидан қатъий назар, биринчи ўринда суғурталанган мол-мулкка тўлов амалга оширилиш орқали, уни ҳимоялаш кўзда тутилган”, дейди Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директори Ёрмат Мирзаев.
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директорининг маълум қилишича, автомобилга дарахт қулаб тушиши оқибатида келтирилган зарар ихтиёрий суғурта бўлгандагина тўлиқ қоплаб берилади. Бу миқдор белгиланмаган.
“Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасига кўпинча дарахт қулаб тушганда ёки рул бошқарувни йўқотиб, машина ўз йўналишидан чиқиб кетиб, зарар етказилганда зарарни қоплаб беринг деган мурожаатлар бўлади. Зарар бундай пайтда ихтиёрий суғурта мавжуд бўлганда қоплаб берилади”, дейди масъул.
Ассистанц хизмати директори Афзал Маҳмудовнинг айтишича, Ўзбекистонда аксарият ҳайдовчилар мажбурий ва ихтиёрий суғурта фарқига бормайди.
“Юқорида айтганингдек, бизда ҳайдовчилар машинаси устига дарахт қулаб тушса, мажбурий суғуртасини кўрсатиб, зарарни қоплаб беришни сўрашади. Ваҳоланки, бундай ҳолатларда машинага етказилган зарар ихтиёрий суғурта бўлсагина қоплаб берилади. Мажбурий суғуртада бундай имконият йўқ”, дейди Ассистанц хизмати директори Афзал Маҳмудов.
Масъуллар билан суҳбатда Ўзбекистонда айни кунда қимматбаҳо автомобиллар сони ортиб бораётгани, уларга етказилган зарарни мажбурий суғуртанинг юқори миқдори — 14 миллион сўмлик тўлов билан амалга ошириш имкони йўқлигида ҳам сўз борди.
“Ўтган куни бир танишим ЙТҲга учради. Қимматбаҳо автомобилни туртиб қўйган. Бизда мажбурий суғурта пули 14 миллион сўм бўлгани учун қимматбаҳо автомобиль пулини суғурта эмас, танишимнинг ишхонаси тўлайдиган бўлди. Яъни мажбурий суғурта ажратадиган пул ўша машинага етказилган зарарни қоплашга етмади”, дейди суҳбатдошлардан бири.
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директори Ёрмат Мирзаев бундай муаммоларни ечиш учун Ўзбекистондаги мавжуд мажбурий суғурта тўловини кўпайтиришни, натижада мажбурий суғурта пули миқдорини ошириш мумкинлигини айтмоқда.
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси директори Ёрмат Мирзаев бундай муаммоларни ечиш учун Ўзбекистондаги мавжуд мажбурий суғурта тўловини кўпайтиришни, натижада мажбурий суғурта пули миқдорини ошириш мумкинлигини айтмоқда.
Масъуллар билан бўлган тўлиқ суҳбатни “Дарё”нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кўришингиз мумкин.
Изоҳ (0)