Туркия ҳукумати 5 май куни Ғазо секторига 5 минг тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам юклари ортилган кема жўнатган. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, 5 минг тоннадан ортиқ ёрдам юклари ортилган кема “Яхшилик кемаси” миссияси доирасида якшанба куни Ғазо секторига жўнаб кетган. Гуманитар ёрдам озиқ-овқат, болалар парвариши учун маҳсулотлар ҳамда дори-дармонлардан иборат эканлиги айтилган.
Турк Қизил ярим ой жамияти ҳам турк ҳукумати раҳбарлигида Яқин Шарқдаги гуманитар ҳалокат зонасига жами 5066 тонна ёрдам юклари жўнатилганини тасдиқлаган. Юклар ортилган кема Туркия жанубидаги Мерсин шаҳридан жўнаб кетгани хабар қилинган.
“Биз ҳозиргача юборилган гуманитар ёрдам кемалари ичида энг йирик тоннали кемани жўнатмоқдамиз. Туркиянинг ёрдам операцияси ғазоликлар ўз уйларига тўлиқ қайтгунча ва тинчлик қарор топгунча давом этади”, — деган Туркия Қизил ярим ой жамияти раиси ўринбосари Рамазон Сайгили.
Кема Мисрнинг Ал-Ариш порти томон сузиб кетгани айтилган. Манзилга етиб боргунча, у икки кун денгизда бўлиши хабар қилинган.
Фаластин соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, 7 октябрдан бери Ғазода 34 700 нафардан ошиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. 78 000 нафар фуқаро яраланган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, Ғазодаги уруш анклав аҳолисининг 85 фоизини озиқ-овқат, тоза сув ва дори-дармон блокадаси шароитида ички кўчишга мажбур қилган.
Изоҳ (0)