Сирдарё вилояти ҳокими маҳалладаги йўлларни, томорқа ва ҳатто аҳоли хонадонларини тозалашга ободонлаштириш ходимлари жалб қилинганини танқид қилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Ховос тумани Карвонсарой маҳалласида бўлиб, томорқалардан унумли фойдаланиш, ҳудудни ободонлаштириш борасидаги ишлар билан танишган Акмал Маҳмудалиев “ободонлаштириш ишчилари малай эмас”лигини айтган.
Ҳокимликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Акмал Маҳмудалиев ушбу маҳалла раисини танқид қилаётгани акс этган видео эълон қилинган.
“Раис бува тушунинг, орият бўлиши керак. Мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда ободонлаштиришга маҳалламга келманглар, ўзим қиламан дердим.
Ширин шаҳар ободонлаштириши келиб маҳаллангизнинг ахлатини тозалаб беряпти, орияти йўқми бу маҳалланинг катталарини, одамларининг. Сиз Ширинга бориб тозалаб берасизми, ҳаётда қилмайсиз, нима қиласиз менга бунақа "рисовка"ни, қилсин ана хонадон эгалари. Меҳнатга лаёқатлилари борми?” — деган раисга қарата ҳоким.
Видеода томорқа ерда ободонлаштириш ходимлари бўлган аёллар кетмон ёрдамида ер тозалаётганини кўриш мумкин.
“Нимага аёллар ишлайди, ёши катта аёллар? Кимники бу томорқа, кимга берилган, ким эгаси? Нимага чиқиб қилмайди у? Боринг чақиринг, уйғотинг ҳаммасини. Боқимандаликка йўл очиб беряпсизлар”, — деган ҳоким.
Акмал Маҳмудалиев чиқиндилар учун машина қилдириш керак бўлса қилдириб беришини билдириб, ҳаммага (афтидан ишлаётган ободонлаштириш ходимларига) рухсат берилишини айтиб, кетган.
Изоҳ (0)