Жанг майдонида учувчисиз учиш воситаларидан фойдаланишни Украина бошламади. Аммо дронларни ёппасига қўллаш билан мазкур соҳаси алоҳида тармоққа айлантирган, технологик жиҳатдан янги босқичга олиб чиққан айнан украиналиклар ҳисобланади.
Украина рус армиясининг ассиметрик устунлигига қарши туриш учун улардан кенг фойдаланди. Давлат мазкур соҳа билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорларни кенг қўллаб-қувватлади. Бу эса қисқа вақтда ўз самарасини берди.
Мамлакат 2024 йили 2,2 миллион FVP-дрон ишлаб чиқарди. Жорий йилда рақамларни 4,5 миллионга етказиш кўзда тутилган. Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг ташкил этилган SkyFall компанияси мана шу занжирнинг муҳим қисми ҳисобланади. У мамлакат қуролли кучларини турли мақсадларга мўлжалланган учувчисиз учиш воситалари билан таъминлаб келмоқда. “Vampire” шулар жумласидан.

“Vampire” гексокоптер туридаги дрон бўлиб, уни шунингдек “Баба Яга” деб ҳам аталади. Қурилма 15 килограммгача оғирликдаги портловчи моддаларни ташиши мумкин. Илғор термал камералар шарофати билан уни тунги шароитларда ҳам қўлласа бўлади. Дрон 80 км/соат тезлик билан парвоз қилиши, ярим соатга яқин ҳавода қолиши мумкин. Компания мазкур турдаги учувчисиз учиш қурилмаларидан ҳар ой минглаб етказиб беради.
Россия армияси томонидан кенг қўлланилаётган радиоэлектрон кураш воситалари жиддий таҳдид ҳисобланади. SkyFall шуни инобатга олиб, “Баба Яга” дронларини турли частоталарда ишловчи электрон уруш тизимлари билан уйғунлаштирган.

Компания дрон “кўзи” ва “мияси” билан боғлиқ юқори технологик компонентларни ташқи бозор, асосан Хитойдан олиб келади. Аммо деталларнинг аксарияти маҳаллий ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг учун йирик саноат корхонаси ёхуд баҳайбат дастгоҳлар керак бўлмайди. Ҳар куни 4000 дрон учун эҳтиёт қисмлари етказиб беришни 350 та 3D принтери уддаламоқда.
Керакли эҳтиёт қисмлар 3D принтер ёрдамида чоп этилгач, йиғиш жараёни бошланади. Юзлаб ходимлар белгиланган инструксия бўйича қисмларни бирлаштириб чиқади. Энг сўнгги босқич эса синов ҳисобланади. Бу ерда қурилмаларнинг видео ҳамда буйруқ трансмиттерлари ҳамда бошқа механизмлари текшириб кўрилади.

SkyFall томонидан ишлаб чиқилган яна бир маҳсулот “Шрике” бўлиб, у “Баба Яга”дан анча кичик. Юқорида тўхталиб ўтилган гексокоптер портловчи моддаларни душман устига ташлаб, кейин ортга қайтади. Бироқ “Шрике” камикадзе таснифига мансуб. Яъни у фақат бир марта фойдаланишга мўлжалланган FVP-дрондир.
Шунга қарамай, “Шрике” ўзининг арзон нархи ва юқори аниқлиги билан ажралиб туради. Бу эса уни нафақат ички бозор, балки Ғарб ҳарбийлари учун ҳам жозибадор лойиҳага айлантирмоқда. SkyFall бу турдаги учувчисиз учиш қурилмасидан ҳар куни ўртача 4000 дона ишлаб чиқаради.
“Шрике”нинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири — оператор билан алоқа узилган тақдирда ҳам нишонга қарши мустақил йўналиш олиш, яъни инсон омилисиз зарба бериш имкониятидир. Бу электрон уруш қуролларининг кучли таъсири шароитида асқотади.
Украина – бозор етакчиларидан бири
Украина ҳукумати маҳаллий компаниялар учун учувчисиз учиш қурилмалари экспортини чеклаган. Шунга қарамай, хориж билан ҳамкорликдаги лойиҳаларга тўсиқ йўқ. SkyFall ҳамда АҚШнинг SХ2 стартапи биргаликда йўлга қўйган қўшма дастур бунга мисол бўла олади. Унга биноан компания муҳандислари АҚШ ҳарбийлари учун янги турдаги бомбардимончи дрон ишлаб чиқишга ёрдам бермоқда.
Киев хусусий компаниялар ҳамда кўнгилли ташкилотлар ишини мувофиқлаштириб, молиявий кўмак кўрсатди. Бу эса қисқа вақт ичида бутун бошли экотизимнинг вужудга келишига йўл очди.
Украина мудофаа вазирлиги мазкур соҳада фаолият кўрсатадиган 76 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи билан шартнома тузиб, уларга 2024–2025 йиллар учун 2,5 миллиард АҚШ доллари тўлаган. SkyFall FVP-дрон етказиб берувчи энг йирик Украина компанияси ҳисобланади.
Изоҳ (0)