Хитой фуқаро авиацияси маъмуриятида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида авиақатновлар сонини кўпайтириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Тадбирда Хитой фуқаро авиацияси маъмурияти Халқаро ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Мяо Син ва элчихона вакиллари иштирок этди.
Хитой томони сўнгги йилларда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда мамлакатимизнинг туризм имкониятлари билан атрофлича таништирилди. Шунингдек, хориж томони фуқароларнинг маданий алмашинуви ва ўзаро саёҳатларини фаоллаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган ижобий натижалар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Мяо Син сўнгги йилларда томонлар ўртасида бўлиб ўтган олий ва юқори даражалардаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувлар ижроси доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида айни вақтда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини 18 тага етказилганини маълум қилди.
Ҳаво қатновлари Пекин ва Тошкент ўртасида 7 та, Урумчи ва Тошкент ўртасида 5 та, Сиан ва Тошкент ўртасида 3 та ва Чэнду ва Тошкент ўртасида 3 тани ташкил қилмоқда.
Учрашув якунида яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги парвозлар сонини ҳафтасига 100 тага етказиш тўғрисида келишиб олинди.
Изоҳ (0)