“У ҳақида”, “Дайди”, “Лайли” қўшиқлари билан танилган хонанда Дилноз 18-19 сентябрь кунлари “Халқлар дўстлиги” санъат саройида олти йиллик ижоди давомидаги энг сара қўшиқлари билан илк яккахон концерт дастурини тақдим этди. Дилнознинг “Саҳарларда” номли концерти қандай ўтгани ҳақида “Дарё” махсус видеорепортаж тайёрлади.
Икки кун давом этган тадбирга ўзбек эстрадасининг ёрқин вакиллари, хонанданинг яқинлари ва тўрт мингдан ортиқ томошабин ташриф буюриб, Дилноз билан бараварига қўшиқ куйлаб, уни қўллаб-қувватлади.
Концерт давомида хонанда ўзининг энг машҳур ва сара қўшиқларини ижро этди, “Алла”, “Мусофир онам” каби таъсирчан композициялари томошабинлар қалбини забт этди. Дилноз Ҳакимова саҳнада мухлислар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг эътиборини қозонди.
Рэпер Конста, Шоҳруххон, Миржалол Неъматов билан куйланган дуэтлар саҳнани “портлатди”. Дилноз болалигидан буён Шоҳруххоннинг ашаддий мухлиси экани ва дуэтга розилик олгандаги ҳаяжони ҳақида самимий сўзлаб берди. Онаси собиқ майор бўлгани, эътибор марказида бўлишни истамайдиган аёл экани, концертда олд ўриндиқда ўтиришга ҳам бир амаллаб кўндиргани ҳақида гапириб, волидасини гулдасталар билан хурсанд қилди.
— Концерт кўтаринки кайфиятда ўтди, кўнглингиз тўлдими?
— Кўнглим ортиғи билан тўлди. Тўғри, биринчи кунда ҳаяжонландим, лекин техник хатолар бўлмаганди. Бугун баъзи бир нарсалар ёдимдан чиқди, шунга қарамай мухлисларим билан дилдан самимий суҳбатлашдим.
— Кўпчилик санъаткорлар концерт олди қора пиар қилади, лекин сизда бу ҳолат кузатилмади. Умуман олганда, шундай таклифлар бўлдими?
— Бўлди, албатта, лекин мен ҳам, жамоам ҳам буни хоҳламадик. Бир овоздан рад қилдик. Худога шукр, билетлар ҳаммаси сотилди, ҳеч қандай пиарга муҳтож бўлмадим.
— Дуэтлар таклифи кимдан чиқди?
— Миржалол менга таклиф қилди, менга қўшиқ жуда ёқди. Шоҳруххонга эса ўзим таклиф билан чиқдим, у киши рад этмай ўзлари қўшиқ ёздилар.
— Сиз билан ижодини деярли бир вақтда бошлаган ҳамкасбларингиз олти ой ичида яна концерт бермоқчи. Сизда келажакдаги режа, мақсадлар қандай?
— Энг катта орзумга эришдим — яккахон концертимни бердим. Буёғига мақсад оила, ундан кейин яна ижод. Қачон концертим бўлса, шундан кейин тўйим бўлиши керак эди. Шунинг учун мана концерт бердим, навбат тўйга.
— “Дайди” ёрингиз қўллаб-қувватлашга келдими?
— Албатта, келди. Бошқа қаерда бўлиши мумкин (кулиб).
Концерт якунида “Орамизда дайдилар борми? Дайдиси борлар-чи?” дея мухлислари билан биргаликда энг машҳур таронаси “Дайди”ни куйлади.
Видеони тўлиқ ҳолда Daryo Lifestyle каналида томоша қилинг.
Изоҳ (0)