Афғонистонда бир гуруҳ ёш аёллар тақиқларга қарамай илм олишни давом эттирмоқда. Voices of Hope (“Умид овозлари”) деб аталувчи гуруҳ аъзолари 3 йилдан бери олий таълимдан четлаштирилган бўлса-да, уйларида йиғилиб, роботлар ясашни сунъий интеллектдан ўрганган ҳолда қурилмалар ясаш билан шуғулланмоқда.

“Толибон” гуруҳи 2022 йилда хотин-қизларнинг университетларда ўқишини тақиқлагач, компьютер фанидан таълим олаётган 20 нафар талаба ўқишни тўхтатишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, улар онлайн дарслар ва интернет ресурслари орқали ўқишни давом эттиришга қарор қилган. Гуруҳ етакчиси, 25 ёшли Асрор Парса тенгдошлари билан биргаликда деярли “ҳеч нарсадан” 2 дона робот ясашга муваффақ бўлганини айтади. Бунинг учун улар ўз маблағидан қарийб 30 минг афғоний (тахминан 430 доллар) сарфлаган.
Ҳозир гуруҳда атиги 6 та қиз қолган. Уларнинг айримлари иқтисодий қийинчилик ёки умидсизлик сабаб кетиб қолган. Шунга қарамай, қолган аъзолар сунъий интеллектни ўрганиш, янги лойиҳалар яратиш ва орзуларини сақлаб қолиш учун меҳнат қилмоқда. Улар ҳозирда одамларни ва турли нарсаларни таниб олиш қобилиятига эга робот ҳамда чиқиндиларни йиғиш ёки дори-дармон етказиб беришга хизмат қиладиган дрон устида ишламоқда.

“Толибон” аёлларнинг эркак кузатувчисиз ташқарига чиқишини тақиқлагани сабаб, гуруҳдаги ягона эркак — Асрорнинг акаси Навид уларга зарур жиҳозларни олиб келиб беради.
“Бизнинг мақсадимиз — умид чироғини сўндирмаслик, ўзимизни руҳлантириш ва ўрганишда давом этиш. Аъзоларнинг кўпчилигида сабр туган бормоқда, аммо биз ҳануз курашмоқдамиз”, деди Асрор Парса.
19 ёшли Ҳадия эса гуруҳдаги машғулотлар туфайли руҳий тушкунликдан чиққанини сўзлаб берди:
“Натижани кўрганимизда жуда хурсанд бўлиб, яна ўқишимиз кераклигини ҳис қиляпмиз. Биз ҳануз орзуларимиз сари интилишимиз мумкин”.
Voices of Hope қизлари ўзларига илҳом манбаи сифатида 2017 йилда тузилган Afghan Dreamers робототехника жамоасини кўрсатади. Аммо фарқли равишда, улар ҳануз халқаро ташкилотлардан ёрдам олмаган. Шунга қарамай, қизларнинг орзулари катта: бир кун келиб ўз ихтироларини халқаро кўргазмаларда намойиш этиш ва келажакка йўл топиш.
Бу пайтда, “Толибон” қизларнинг 12 ёшдан кейин таълим олишини ман қилган ва бу қарорни “шариатга мувофиқ” деб баҳоламоқда. Ушбу тақиқлар халқаро ҳамжамият томонидан қаттиқ танқид қилинса-да, ҳукумат ўз позициясидан қайтмаяпти.

Изоҳ (0)