Дунёдаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаси бўлган Каспий денгизининг сатҳи тарихий паст даражага тушиб кетди. Бу ҳақда Россиянинг “ТАСС” агентлиги Астраханда жойлашган Волга-Каспий балиқчилик тадқиқот институти маълумотига асосланиб хабар берди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда денгиз сатҳи Болтиқ денгизи даражасидан 29 метр пастга тушган. Олимлар бу жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
Тадқиқотга кўра. “сув сатҳининг энг кескин пасайиш Россия ва Қозоғистон билан чегарадош шимолий ҳудудда кузатилган. Бу ерда денгиз чекиниб, кенг майдонларда унинг туби очилиб қолган. Мутахассислар айнан ушбу ҳудуд флора ва фаунага бой эканини таъкидлашмоқда.
Каспий денгизи нега қуриб бормоқда?
Олимлар фикрича, бунга иқлим ўзгариши натижасида буғланишнинг ортиши ҳамда дарёлардан келадиган сув оқимининг камайиши каби омиллар сабаб бўлган. Хусусан Волга ва Урал дарёларининг кўлга қуйиладиган оқими қисқарган.

Биргина Волга дарёси Каспийга тушадиган жами сувнинг 80 фоизини таъминлайди. Аммо Россияда гидротехника иншоотлари қурилиши ва қишлоқ хўжалиги суғориш тизимларининг кенгайгани сабаб унинг оқими камайган.
Экотизим хавф остида
Сув сатҳининг пасайиши Каспий денгизи экотизимига жиддий таҳдид солмоқда. Жумладан, қимматбаҳо балиқ турлари ва Каспий тюленлари каби ноёб ҳайвонлар йўқолиб кетиш хавфи билан юзлашяпти. Қолаверса, денгиз чекинган ҳудудлардан атмосферага йирик миқдорда чанг ва туз зарралари кўтарилиши мумкин.
Изоҳ (0)