Экспертлар Ер сайёрасининг айланиш тезлиги 2025 йил ёзида сезиларли ошганини қайд этди. Бу ҳақда соҳа мутахасисларига таяниб CNN хабар берди.

Ушбу ҳодиса дунё бўйлаб кўплаб олимларни хавотирга солмоқда. АҚШ денгиз обсерваторияси маълумотларига кўра, ҳозиргача йилнинг энг қисқа куни 10 июльда қайд этилиб, бу кунда 24 соатлик сутка 1,36 миллисонияга қисқарган. 22 июль ва 5 август кунлари ҳам бир сутка 1,34 ва 1,25 миллисекундга камайиши прогноз қилинган.
Бу кичик ўзгаришлар узоқ вақт давомида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Хусусан, бу компьютер, сунъий йўлдош ва телекоммуникацияларга таъсир қилиши мумкин. Баъзи экспертларнинг фикрича, замонавий цивилизациянинг тўхтаб қолиш хавфи ҳам бор. Шунинг учун ҳатто энг кичик вақт оғишлари ҳам 1955 йилда яратилган атом соатлари ёрдамида кузатилиб, таҳлил қилиб борилади.

Бу турдаги соатларда атом тебранишларининг барчаси ҳисобга олинган ҳолда вақт ўлчанади. Ҳосил бўлган вақт эса UTC ёки координацияланган универсал вақт деб аталади. У, тахминан, 450 та атом соатига асосланган ва вақтни ҳисоблашнинг глобал стандарти саналади. Шунингдек, бу вақт асосида барча телефон ва компьютерлар соатлари белгилаб олинади. Астрономлар ҳам Ернинг айланишини коинотдан кузатиб боради. Бунда сайёранинг қўзғалмас юлдузларга нисбатан жойлашуви сунъий йўлдошлар ёрдамида текширилади.
Маълумот учун, Ер сайёрасида 2024 йил 5 июль куни тарихдаги энг қисқа сутка қайд этилган: ўшанда 1 сутка 1,66 миллисекундга камайганди.
Изоҳ (0)