Россияда туғилиш даражаси сўнгги икки асрдаги минимумга тушди. Расмийлар муаммони бартараф этиш учун қатор радикал чораларни илгари сурмоқда. “Демографик махсус кучлар” бўлинмасини тузиш, бўйдоқ эркакларни фронтга юбориш кабилар шулар жумласидан.

Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенконинг маълум қилишича, эндиликда ҳар бир ҳудудда “демография учун масъул раҳбар” бўлади. Улар “оилавий қадриятларни устувор қилиш бўйича давлат сиёсати”га жавоб беради.
“Бугунги кунда ҳар бир минтақада демография бўйича масъул раҳбар бор. Махсус демографик штаб тузилди. Умид қиламизки, анъанавий қадриятларимизга қайтамиз”, деган Матвиенко.
Россияда демографик вазият оғирлашиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида туғилишлар сони 4 фоизга камайиб, атиги 288,8 минг бола дунёга келган. Якунланган 2024 йилда эса 1,2 миллион бола туғилган. 2023 йилги кўрсаткичга нисбатан 3,4 фоизлик камайиш тенденцияси кузатилган.
Украинага қарши кенг кўламли уруш қурбонлари ва сиёсий таъқиблардан қочиб Россияни тарк этганлар ҳисобига вазият янада оғирлашган. BBC рус хизмати ва “Медиазона” нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, камида 119 минг нафар россиялик Кремль бошлаган уруш қурбони бўлган. Бироқ рўйхат некрологлар ва таъзия хатлари каби ҳужжатлар билан тасдиқланган кейсларнигина инобатга олишини, шу боис қурбонларнинг асл сони анча юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлаш жоиз.

2018 йили президент Путин “Миллий демография лойиҳаси”ни бошлаб, аҳолининг камайишини тўхтатишга кўрсатма берган эди. Ўтган йили у мазкур тенденцияни 2030 йилга қадар нолга тушириш мақсадини яна бир бор тасдиқлади.
Шунга қарамай, Россия ҳукуматининг оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, кўп болали оилаларни рағбатлантириш ва абортни чеклаш каби чоралари самара бермаяпти. Расмийлар оилавий турмушга кучли стимул яратиш учун бўйдоқ эркакларни урушга юбориш таклифини илгари суряпти. Бу ҳақда Украина Ташқи разведка хизмати маълум қилди.
Изоҳ (0)