Мультфильмлар болалар учун нафақат кўнгилочар, балки тарбиявий ва эмоционал таъсирга эга кучли восита ҳисобланади. Айниқса, гиперфаол болаларга экран орқали узатилаётган контент сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Ушбу мақолада мультфильмлар ва уларнинг асаб тизимига таъсири тушунтирилади.

Нима учун мультфильмлар болаларга кучлироқ таъсир қилади?
Болалар асаб тизими визуал ва аудио материалларга нисбатан жуда сезгир бўлади. Ёрқин мультфильмлар дарҳол уларнинг эътиборини тортади ва гўёки бош мияси ёрқин тасвирлар, мусиқа ва ритмни “ютиб юборади”. Айниқса, ўз хатти-ҳаракатларини бошқара олмайдиган ва диққатни жамлашда қийналадиган гиперфаол болаларда бу ҳолат кучлироқ намоён бўлади.
Нега аксарият болалар видеоконтенти зарарли?

Замонавий мультфильмлар “агрессив монтаж” тамойилларига асосланган: улар тез-тез алмашинувчи кадрлар, баланд овозлар, бетартиб сюжетлар ва ўта ёрқин визуал эффектларга тўла. Бундай видеолар таъсирида бола “зомбилашиб” қолади, баъзи ота-оналар эса фарзанди тинчланганини кўриб, ҳар куни қайта-қайта мультфильм қўйиб бераверади. Аммо ташқи томондан жим ўтиргандек кўринган болада ички зўриқиш яширинган бўлади. Томоша тугаганидан сўнг, асаб тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган бола тажовузкорлик, эркалик ёки ўта фаол ҳаракатчанликни намоён қилиши мумкин.
Асаб тизимини ҳақиқатан тинчлантирувчи видеоконтент қандай бўлиши керак?
Слоw cонтент (сокин видеолар) — бу секин ритмдаги мультфильмлар бўлиб, уларда кадрлар тез-тез ўзгармайди, қаҳрамонлар баланд гапирмайди, сюжети тушунарли ва визуал жиҳатдан содда бўлади. Бундай мультфильмлар боланинг асабини тинчлантиради, хавотирини камайтиради ва ўзини босишга ёрдам беради. “СДВГ” (диққат етишмовчилиги ва гиперфаоллик синдроми) бўлган болаларга ҳам слоw cонтент ижобий таъсир кўрсатади.
Педагоглар ва болалар психологлари фикрича, бундай мультфильмлар болада ўзини бошқариш кўникмаларини ривожлантиради: бола қаҳрамоннинг осойишта, изчил хатти-ҳаракатларини кузатиб, унга тақлид қила бошлайди.
Гиперфаол болани мультфильм билан тинчлантиришда ота-оналар қандай хатога йўл қўяди?

Ота-оналарнинг асосий хатоларидан бири мультфильмни боланинг “овози ўчириш учун” ишлатишидир. Шуни тушуниш лозимки, ҳеч қайси бир мультфильм қанчалик фойдали бўлишига қарамай, ота-онанинг эътибори, меҳри, мулоқоти ҳамда қўллаб-қувватлаши ўрнини боса олмайди.
Тадқиқотларга кўра, агар ота-она мультфильмни томоша қилиш вақтида фарзандининг ёнида бўлса, кадрда содир бўлаётган воқеаларни изоҳлаб, сюжет бўйича саволлар берса, қаҳрамонларнинг ҳис-туйғулари ҳақида суҳбатлашса, болада эмпатия ва рефлексия (ўз ҳис-туйғуларини тушуниш) кўникмалари шаклланади. Масалан: “Қара, у хафа бўлди. Сен ҳам унинг ўрнида ўзингни шундай ҳис қилган бўлармидинг?” каби саволлар бола учун ўз ҳиссиётларини англаш ва бошқариш воситасига айланади.
Гиперфаол болани мультфильмларсиз тинчлантириш йўллари

Гиперфаоллик — бу шунчаки характер эмас, балки нейропсихологик ташхис бўлиб, комплекс ёндашувни талаб қилади. Мутахассислар қуйидаги тавсияларни беради:
аниқ кун тартиби;
етарли жисмоний фаоллик;
ота-она билан мунтазам мулоқот;
зарурат бўлса, нейропсихолог ёки педиатр кўригидан ўтиш.
Изоҳ (0)