UFC афсонаси, енгил вазн тоифасининг собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов ММА’га қайтиши ҳақида фикр билдирди. 36 ёшли спортчи бу ҳақда YouTube’даги “Адам Зубайраeв” каналига берган интервьюсида сўз юритди.

Нурмагомедовнинг айтишича, узоқ танаффусдан сўнг яна октагонга қайтиш ва аввалги спорт формасини тиклаш осон эмас. Унга кўра, спортчининг жисмоний кўринишидан кўра, қанча ва қандай спарринг машғулотлари ўтказгани муҳимроқ аҳамиятга эга.
Менга икки-уч ой етадими? Йўқ. Икки ойдан кейин мен 37 ёш бўламан. Назарий жиҳатдан қарасак, камида ярим йил тайёргарлик керак. Баъзан жангчиларнинг спорт формаси кўп нарсани ҳал қилади дейишади, лекин бу ҳеч нарсани англатмайди. Асосийси — қанча спарринг ўтказгани ва бу спарринг кимлар билан бўлгани катта аҳамиятга эга, — деди Нурмагомедов.
Шунингдек, у ММА’ни бошқа спорт турларидан тубдан фарқ қилишини алоҳида таъкидлади:
Залда машқ қилиш, югуриш, фитнес — бу бизнинг спорт эмас. Бизнинг спорт — бу жанг. Сен октагонга чиқиб, рақибинг билан юзма-юз урушасан. Бу ерда кураш, тай-клинч, грек-рим услуби, грапплинг, муай-тай, кикбоксинг — барчаси мужассам. Агар тайёргарликда фақат кураш билан шуғулланган бўлсанг, жангда жуда қийналасан.
Ҳабибнинг фикрича, жангчининг ташқи кўриниши орқали унинг реал имкониятига баҳо бериш хато бўлади:
Спортчининг қоматига ёки мушакларига қараб унинг тайёргарлигини баҳолаш мумкин эмас. ММА ҳали нисбатан ёш спорт тури, ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Энг асосийси — октагонда нималарга қодирлигинг.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб Нурмагомедов 2020 йилнинг октябрь ойида профессионал фаолиятини якунлаган эди. У UFC’даги фаолияти давомида 29 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Ҳозирда собиқ спортчи мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқда.
Изоҳ (0)