FIFA “Навбаҳор” футбол клубига нисбатан жорий этилган трансфер тақиқини бекор қилди. Ушбу тақиқ футболчи Гиорги Никабадзенинг маошини ўз вақтида олмагани сабабли қўйилган эди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

Наманганликлар ҳозирда ўзбекистонлик футболчилар олдидаги қарздорликни бартараф этиш жараёнини бошлаган. ЎзПФЛ мазкур жараённи яқиндан назорат қилмоқда ва муаммо бартараф этилишига доир мониторинг олиб бормоқда. Клуб ва футболчилар ўртасидаги келишувга кўра, қарздорлик шу йилнинг 1 июль санасигача ёпилиши лозим эди. Ушбу муддат вилоят ҳокимлиги томонидан берилган кафолат хатида ҳам аниқ кўрсатилган, дейилади Ўзбекистон профессионал футбол лигаси баёнотида.
Шунингдек, собиқ мураббий ва бошқа маҳаллий футболчилар олдидаги молиявий мажбуриятлар ҳам ҳал этилиши режалаштирилган. Лига ушбу масалаларни ҳам ўз назоратида ушлаб, жараённинг очиқ ва шаффоф бўлишига алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, ёзги трансфер ойнасида янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун “Навбаҳор” уч босқичда иш олиб бориши лозимлиги илгари таъкидланган эди. Мазкур трансфер ойнаси 30 июль куни якунланади. Агар муаммолар ҳал этилмаса, клуб янги футболчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди.
Изоҳ (0)