Қўшма Штатларнинг сайланган президенти Дональд Трамп юқори малакали ишчиларга АҚШга кўчиб ўтиш имконини берувчи виза дастурини ҳимоя қилди ва Илон Маскнинг бу борадаги позициясини маъқуллади. Бу унинг ўз тарафдорларини иккига бўлиб қўйган масала юзасидан илк изоҳидир.
Дональд Трамп The New York Post газетасига берган интервьюсида H-1B визасига ишонишини айтди. Бироқ у ўзининг биринчи муддатида дастурни танқид қилиб, чет элликлар учун ишчи визаларни чеклаганди. Аммо 2024 йилги сайлов кампанияси давомида Трамп чет элда туғилган баъзи ишчиларга, агар улар АҚШ олий таълим даргоҳларини тамомлаган бўлса, қонуний мақом беришга очиқлигини билдирган .
“Менга ҳар доим визалар ёққан, мен ҳар доим визалар тарафдори бўлганман. Шунинг учун бизда улар бор”, деди Трамп The New York Post нашрига.
Дональд Трамп, шунингдек, қўл остида мазкур дастур орқали Қўшма Штатларга келган ходимлар меҳнат қилишини ҳам таъкидлаган.
“Менинг мулкимда кўплаб H-1B визалари бор. Мен H-1B га ишонганман. Мен ундан кўп марта фойдаланганман. Бу ажойиб дастур”, дея қўшимча қилди у.
АҚШ Меҳнат департаментининг маълумотларига кўра, Трампга тегишли бизнес субъектлари 2008 йилдан бери 2100 дан ортиқ ўринга чет эллик ишчиларни ёллаш учун ҳукумат рухсатини сўраган. Уларнинг 70 га яқини H-1B дастури орқали юқори малакали ишчиларни чақириб олишга эди. Мазкур виза учун сўровларнинг аксарияти ўн йилдан кўпроқ вақт олдин Нью Йоркдаги Trump МоDEL Management ва Trump International Hotel and Tower каби компаниялар томонидан тақдим қилинган.
Муаммо нимада?
Дональд Трампнинг The New York Post газетасига берган изоҳидан бир неча кун олдин Илон Маск ижтимоий тармоқлардаги постлари орқали H-1B визаларини ҳимоя қилиб, уларнинг технологик компаниялар, жумладан, ўз бизнесларини ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлади. Бундан ташқари, у H-1B визаларини ҳимоя қилиш учун “урушга киришини” айтди.
“Мен SpaceX, Tesla ва Американи кучли қилган юзлаб бошқа компанияларни қурган жуда кўп муҳим инсонлар билан бирга Америкада бўлишимнинг сабаби – H-1B”, деб ёзди Илон Маск.
Жанубий Африкада туғилган ва онаси орқали Канада фуқаролигини олган Маск чет эллик талаба сифатида АҚШга келган ва кейинчалик H-1B визаси билан фуқаролик олган.
Илон Маскнинг қарорини Трамп маъмуриятда янги ташкил этилаётган Давлат самарадорлиги департаментини (DОGЕ) у билан биргаликда бошқарадиган Вивек Рамасвами ҳам қўллаб-қувватлади. Бу МАGА (Американи яна буюк қилинг) клубинининг иммиграцияга қарши кайфиятдаги аъзолари томонидан кескин қарши олинди.
Трампнинг собиқ ёрдамчиси Стив Баннон 29 декабрь куни подкастлардан бирининг эпизодида H-1B визаларини “фирибгарлик” деб атади.
H-1B виза дастури ҳар йили 65 000 юқори малакали ишчилар учун АҚШга иммиграция қилиш имконини беради. Бундан ташқари, Қўшма Штатларда магистратура ёхуд ундан юқори таълим даражасини олганлар мамлакатда қолиши учун яна 20 000 ўрин ажратилган. Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, дастур АҚШ компанияларига рақобатбардошликни сақлаб қолиш ва ўз бизнесини ривожлантириш имконини беради.
Изоҳ (0)