Эрон Исроил билан 12 кунлик урушда йўқ қилинган ҳаво мудофаа салоҳиятини Хитой тизимлари билан тикламоқчи. Пекин мамлакатга илғор комплексларни етказиб беришни бошлаган. Бу ҳақда Middle East Eye нашри араб разведка хизматларидаги манбаларига таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, Теҳрон ҳаво мудофаа тизимлари ҳақини нефть орқали тўламоқда. Хитой усиз ҳам Эрон нефтининг 90 фоизини харид қилади. Пекин АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш учун хом ашё манбасини яширади. Эронликлар эса бунинг эвазига йирик миқдорда чегирмалар тақдим этади.
Эрон Исроил билан 12 кун давом этган можаро сабаб ўз ихтиёрда мавжуд ҳаво мудофаа тизимларининг аксарини йўқотди. Яҳудий давлати ҳаво ҳукмронлигига эришиши учун бир неча кун кифоя қилди. Бу эса эронликларнинг Россиядан сотиб олинган S-300 ҳамда маҳаллий ишлаб чиқилган Бавар-373 каби тизимлари салоҳиятини шубҳа остига қўйди. Энди эса Теҳрон мазкур бўшлиқни Хитой ёрдами билан тўлдирмоқчи.
Ҳозирча на Эрон қандай тизимлар сотиб олгани, на бошқа тафсилотлар маълум. Бироқ мамлакат 2012 йили Хитойдан HQ-9 тизимини харид қилгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар бор. Агар бу рост бўлса, эронлик ҳарбийларни янги зенит-ракета комплексларини бошқаришга ўргатиш узоқ вақт олмаслиги мумкин.

Аввалроқ Эрон Хитойдан J-10CE кўп мақсадли қирувчи самолётлари ҳамда PL-15(E) ҳаво-ҳаво ракеталарини сотиб олишга қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур иккиси Ҳиндистон томонидан Покистонга берилган зарбаларни қайтаришда фавқулодда рол ўйнаган, ҳатто бир неча ҳинд самолётининг уриб туширилишига сабаб бўлган эди.
Изоҳ (0)