Қурбон ҳайитига бир кун қолганида Балх вилоятининг Мозори Шариф бозорида чорва моллари нархи икки баравар қимматлашди. Харидорлар нарх-навонинг қимматлигидан, чорва сотувчилари бозор йўқлигидан шикоят қилмоқда. “Дарё” мухбири Мозори Шарифдаги мол бозорига бориб, сотувчи ва харидорлар билан суҳбатлашди.

Қурбонлик учун бозорга келган Назар Муҳаммад ҳар йили Қурбон ҳайитида бир қўйни 100 доллардан ҳам арзонга сотиб олганини, бу йил эса нарх икки баравар ошгани учун қурбонлик қилиш учун қўй сотиб ололмаётганини айтади.
“Ўтган йили 6000 афғонига қурбонлик учун бир қўй сотиб олганман, бу йил иқтисод заифлиги ва қурбонлик нархи қиммат бўлгани учун сотиб олишга имкон йўқ”, дейди Назар Муҳаммад.
Чорва сотувчилари эса ўзлари ҳам бошқа вилоятлардан қиммат нархда сотиб олаётганликлари, шу сабабли қимматроққа сотишга мажбур бўлаётганликларини айтишди.
Уларнинг сўзларига кўра, чорва моллари ўтган йилларга нисбатан кам, қимматлиги ҳам шундан.
Қурбонлик учун қўй сотиб олгани келган Дин Муҳаммаднинг айтишича, ўтган йилларда арафа кунларида бу ерга сотиш учун 3-4 миллион сигир ва қўй олиб келинган бўлса, бу йил ушбу бозорда чорва моллари жуда кам.

Бозор йўқлигини халқ иқтисодининг заифлиги билан боғлаб, ишсизлик, пул топиш қийинлиги, одамларнинг сотиб олишга қурби йўқлигини айтди.
Мозори Шариф бозорида чорва моллари нархи:
- Қўй — 8000 – 25 000 афғони
- Эчки — 8000 – 22 000 афғони
- Сигир — 30 000 – 200 000 афғони
- 1 килограмм қўй гўштининг нархи — 450 афғони
- 1 килограмм эчки гўштининг нархи — 450 афғони
- 1 килограмм мол гўшти нархи — 380 афғони
Изоҳ (0)