АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон Вашингтонни “Толибон” мухолифларига ёрдам кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда Atlas Пресс нашри хабар берди.
Собиқ маслаҳатчи Жон Болтон Афғонистондаги мавжуд инқироздан чиқиш учун “Толибон” рақибларига АҚШ ёрдами кераклигини айтган. Афғонистондаги воқеаларнинг кейинги ривожи кўп жиҳатдан Афғонистон қаршилик кучлари ва АҚШ ҳамкорлигига боғлиқ экани билдирилган.
Жон Болтонга кўра, АҚШнинг ҳарбий ва иқтисодий ёрдами Афғонистонда “Толибон” рақибларининг кучайишига ёрдам беради. Шунингдек, уларнинг қуролли гуруҳларга қарши кураш олиб бориш салоҳиятини оширади.
“Менимча, масалага узоқ муддатли ечим “Толибон”дан қутулишдир. Афғонистон ичидаги қаршилик гуруҳларига ёрдам бериш, иқтисодий ва ҳарбий пакетлар ажратиш мухолифатнинг ўсишига имкон яратади”, — деган Жон Болтон.
Маслаҳатчи Америка расмийларининг “Толибон” билан келгусидаги учрашувлари эҳтимолини ҳам рад этган. Вашингтон учун “Толибон” билан ҳамкорликдан ҳеч қандай манфаат йўқлиги билдирилган.
Манбага кўра, Оқ Уй Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ маслаҳатчиси бир неча кун олдин АҚШ разведка бошқармаси директори ўринбосари Девид Коэн ва “Толибон” делегацияси, жумладан, ушбу гуруҳнинг Қатардаги разведкаси раҳбари Абдул Ҳақ Ватик билан учрашган. Учрашувда АҚШ расмийси Афғонистондаги қаршилик кучларини қўлламаслигини билдиргани айтилган. Аммо учрашувдан сўнг вакилнинг ўзи берган интервьюда бу гап-сўзлар рад этилган.
Изоҳ (0)