Гонконгдаги сиёсий қарама-қаршилик, Россия-Украина ўртасидаги таранглик жаҳон матбуоти шарҳи рукнида.
Нега Гонконг мухолифати парламентдан сиқиб чиқарилмоқда?
Хитой ҳукумати Гонконгдаги сайлов тизимини тубдан ўзгартирадиган қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу эса Хитойга Гонконгда фақат Хитой тарафдорлари бўлган номзодларнинг сайланишига имкон беради, деб ёзади BBC нашри.Гонконг парламентига сайланадиган эркин номзодларнинг сони тенг ярмига қисқариши билан биргаликда, махсус қўмита парламентга сайланадиган номзодларнинг Хитойга муносабатини ҳам текшириш имконига эга бўлади.
Бу сиёсий ислоҳотнинг асосий мақсади эса Хитой сиёсатини ёқлайдиган гонконглик сиёсатчиларни ҳокимиятда устун бўлишларини таъминлашдан иборат. Мухолифатчилар эса вазиятнинг бундай ривожланиши Гонконгдаги мухолифатни тазйиққа олиш билан бирга Гонконг демократиясига нуқта ҳам қўяди, дейишмоқда.
Бутун Хитой халқлари кенгаши вакиллик органи Хитойдаги энг олий ҳокимият органи март ойининг бошларида Гонконгдаги сайлов тизимини ўзгартириш борасида қонун қабул қилади. Ўтган ҳафтада эса Хитой олий вакиллик органи якдиллик билан бу қонунни татбиқ қилинишига овоз берди. Бу эса Гонконг конституциясини ўзгартиришга қаратилган қадамдир.
Хитой коммунистик партияси эндиликда Гонконг парламентида ўзининг мухолифатчиларисиз ҳаракат қила бошлайди. Мазкур ҳолат юзасидан Австралия ташқи ишлар вазири Мерис Пейн Twitter’даги саҳифасида Хитойнинг мазкур қадамини «Гонконгдаги демократик институтларга берилган зарбадир» дея баҳолади. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен эса юзага келган вазиятни «демократияга ҳужум» дея таърифлади.
Сўнгги марта ўтказилган сайловларда Гонконг парламентида Хитойга қарши бўлган демократик кучларнинг кўп ўрин олгани Хитойни ҳам чўчитиб юборганди. Эндиликда эса Хитой шундай бир қонунни қабул қилдики демократик номзодлар парламентга сайлана олмай қолади.
Sinxua ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, сайланадиган парламент депутатлари сони 35 тадан 20 тага қисқаради. Натижада умумий ўринлар сони 70тадан 90 тага ошади. Бу эса демократик кучларнинг таъсирини кескин йўққа чиқаради. Қонун шу ҳафта кучга киради ва Гонконгдаги навбатдаги парламент сайловлари эса шу йилнинг декабрь ойида ўтиши белгиланган.
Гонконг тарихи
1997 йилда Буюк Британия ҳукумати собиқ колонияси бўлган Гонконгни Хитой ҳукуматига қайтариб беради ва Хитой ҳукуматидан гонконгликларни демократик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўрайди. Британия ва Хитой ҳукумати ўртасидаги келишувга мувофиқ Гонконг бош қонунида «Бир мамлакат – икки тизим» тамойили белгилаб қўйилади. Мазкур тизимга мувофиқ Гонконг 2047 йилга қадар ўз мухторият мақомини сақлаб қолиши белгиланади. Гонконг халқаро бизнес ва молиянинг маркази сифатида Хитойнинг юксалишида улкан ҳисса қўшди. Агарда Гонконгда демократик институтлар тазйиққа учрайдиган бўлса, бу Гонконгнинг халқаро бизнесдаги нуфузини йўқотишга олиб келади.Гонконг Хитойга берилаётган пайтда аксар маҳаллий аҳоли демократик ислоҳотлар янада чуқурлашади, дея умид қилганди, бироқ сўнгги пайтдаги воқеалар Гонконгдаги вазият тобора авторитар тузум тараф ён босмоқда. 2019 йилда Гонконгда бир қатор норозилик намойишлари юзага келди. Бунинг сабаби эса Хитой тарафи ички ишлар вазири талаб қилганда гонконглик ватандошларни Хитойга бериш борасидаги қонунни қабул қилдиришга бўлган уринишларига қаршилик бўлди.
2020 йил июнь ойида эса Гонконгнинг хавфсизлиги борасида янги қонун қабул қилинди ва бу қонунга биноан Пекин ҳукумати агарда бирор бир шахсни расмий Пекин учун хавф деб топган тақдирда у умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилиниши мумкин. Мазкур қонунга биноан юзлаб гонконгликлар қамоққа олинади улар орасида машҳур медиа магнат Жимми Лай ҳам бор эди.
Хитой тарафи эса парламент борасидаги қонун Гонконгдаги «Бир давлат – икки тизим» тамойили бузилмаганини иддао қилаётган бўлса, Ғарб Хитойни Гонконгдаги сиёсий тузумни йўқ қилишга интилаётганликда айбламоқда.
Россия-Украина муносабатларидаги тарангликнинг беш сабаби
2021 йилнинг февраль ойида Россия ва Украина ўртасида бошланган гибрид урушга саккиз йил тўлди. Бу орада руслар Қримни ва Украинанинг шимолидаги Донбас ҳудудини босиб олишга эришди. Россиянинг Украинадаги нуфузи эса мазкур воқеалардан сўнг ўта тушиб кетди. Юзага келган муносабатларнинг ечими йўқ экан, сўнгги йилларда расмий Кремль Украинадаги таъсиридан ҳам маҳрум бўлди, деб ёзади The Atlantic Cоunsil нашри.Илгари Россия тараф бўлган сиёсий партиялар Украинадаги сайлов жараёнларида 20 фоизлик чўққини ҳам эгаллай олмай қолди. Иқтисодиёт борасида ҳам расмий Кремлнинг Украинадаги таъсири анча заифлашди. Агарда урушга қадар Украинанинг Россия билан савдо муносабатларидаги улуши йилига 30 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 7 фоизгача пастлаб кетди. Украинлар руслар ўрнига Хитой ва Европа Иттифоқи билан савдо алоқалари ўрнатишга зўр бермоқда.
Кескинлик бошлангунга қадар Украина Россиянинг Европа Иттифоқига қарши қаратилган енгил тазйиқи вазифасини бажариб келди. Бошқача қилиб айтганда, агарда Европа Иттифоқи Кремлни бирор бир масалада айблайдиган бўлса, рус тарафи Украина орқали Европа Иттифоқига етказиб бериладиган газни камайтиришга ёки нархини кўтаришга уринар ва бу билан Европа Иттифоқининг русларга нисбатан сиёсатида устунликка эришишга ҳаракат қиларди. Нафақат иқтисодий, балки рус ва украин шоу-бизнеси ҳам икки лагерга ажралиб кетди. Бир вақтлар рус ва украин шоу-бизнеси бирга бўлган бўлса, бугун украин сиёсати рус шоу-бизнесини ўз мамлакатларида кўришга кўзи йўқ. Оддий халқ ҳам рус шоу-бизнесининг Украинадаги фаолиятига бефарқ қолмоқда.
Аксар рус ТВ каналлари Украинада тақиққа учради ва қолаверса, Украина ҳукумати рус ТВ каналлари узатилишини кескин даражада чеклаб қўйди. Руслар ҳам ижтимоий тармоқларини украинларга ёпа бошлагач украинларнинг аксар кўпчилиги Facebook ёки Twitter каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ўтди.
Боз устига 2019 йилда Украина дин масаласида ҳам мустақил православ черковига эга бўлдики, бу Москва патриархлигини православ оламидаги нуфузига ҳам анча салбий таъсир қилди. Шундай бир вазиятда украиналик яҳудий миллатига мансуб Владимир Зеленскийнинг Украина президентлигига сайланиши кўпчилик назарида «дарбадар ўғилнинг ота қучоғига қайтиши» ҳақидаги фаразларни уйғотди, аммо орадан икки йил ўтган бўлса-да рус-украин муносабатлари ҳамон кескинлигича қолмоқда. Зеленский эса НАТО, Европа Иттифоқи билан яқинлашишга ҳаракат қилар экан, президент Путин рус тарих китобларида Украинани бой берган давлат арбоби сифатида қолишга мажбур.
Украинанинг бой берилиши Путиннинг империячилик мақсадларига катта зарба бўлди. Устига устак Путиннинг Украина борасидаги мағлубияти расмий Кремль дастак қилиб олган «Рус тинчлик сулҳи» доктринасининг ҳам катта мағлубиятидир. «Рус тинчлик сулҳи» Путиннинг ҳокимият тепасига келган даврлардан бошлаб аниқ бир шаклга кира бошлади ва 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасидаги уруш даврида фаоллашди. Путин ва руспарастлар наздида бу доктрина собиқ Совет ўлкаларида тили рус, маданияти рус ва дини православ бўлган Россиядан ажраб қолган аҳоли қатламини Россия билан бирлигини ўзида мужассам қилган ақоидга айлантиришга куч берди.
Айнан шу «Рус тинчлик сулҳи» Киевни ўзининг сиёсати марказида кўрар экан, 2014 йилда расмий Кремлни Украинага бостириб киришга ундади. Шу пайтдан бошлаб эса Украина шарқида расмий Кремль тарафдори бўлганлар орасида бу ақида мустаҳкамланиб, Москванинг дастаклашига сабаб бўлмоқда. Шундай бир манзарада Украинанинг Россиядан бегоналашувининг асосий сабабини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
Биринчидан, империячилик руҳининг украинларга бегоналиги. Шу сабабдан ҳам украинлар русларнинг шуҳратпараст империячилик ўйинларидан ўзларини четда тутишга интилишди ва 2014 йилги воқеалар билан товон тўлашди.
Иккинчидан, Украина ва Россия сиёсий тартибидаги фарқлар. 1991 йилда Украина демократик йўлнинг бошидан тутди ва албатта хатолар ҳам кўзга ташланди. Бугунда Украинада ҳар ким истаганича ҳукумат юритаётган сиёсатни истаганича танқид қилиши мумкин ва хилма-хил партияларнинг сиёсий курашлари табиий эканлигига кўникишди. Россияда эса Путиннинг ҳокимият тепасида 2036 йилга қадар қолиши конституцияга киритилган ўзгаришлар билан мустаҳкамлаб қўйилди.
Учинчидан, украинларни бирлаштирган рус уруши омили. 2014 йилга қадар агар асосан Украина ғарбидаги украинлар рус сиёсатига ишонқирамай келган бўлса, 2014 йил воқеаларидан кейин русларга нисбатан салбий муносабат барча украинларни бирлаштирди. Етти йиллик уруш эса рус-украин муносабатларининг бурилиш нуқтаси бўлди ва бу албатта украинлар учун ижобий эканлиги турли ижтимоий сўровларда ҳам ўз аксини топмоқда.
Тўртинчидан, Путин сиёсати таянадиган ақоидлардан яна бири православ черковининг православ оламида етакчилиги ғоясидир. 2014 йилдаги воқеалардан сўнг Украина православ дини вакиллари рус черковидан мустақил бўлиб чиқди-ю, рус православ черковининг украин диндорларига таъсири ҳам тарихга айланди. Рус православ черковининг Киев Руси билан боғлиқ анъаналарига урғу берган ҳолда украин православ доираларига таъсир қилишга уринишлари украиналик диндорларнинг кўнгли қолдирмоқда. Дин сиёсатдан ҳоли бўлиши кераклигини расмий Кремль унутгандек.
Бешинчидан, расмий Киев расмий Кремлнинг Киев Руси билан боғлиқ тарихини рус тарихи сифатида ёритишга уриниб келаётганлигига эътироз билдириб келади. Қолаверса, украин ва рус миллати Горбачёв давридан бери сиёсий қарашларда муҳим тарихий воқеаларда баҳс мунозарага киришган. Боз устига чоризм ва унинг ўрнига келган коммунистик мафкура Украинадаги мустақиллик тарафдорларининг фикрларига қарши чиқиб, уларни қатағон қилган. Айни пайтда украинларнинг аксари Сталинни қонхўр диктатор деб билади. Шундай экан, бугун Путин Россияси таянаётган ақоидлар чоризм ва сталинизмнинг қоришма тамойилларига асослангани ва шундан куч олаётгани, Кремль ўзининг империяча қарашларини пост совет макони мамлакатларига сингдираётгани тобора украинларни ва бошқа собиқ Совет иттифоқи таркибидаги мамлакатларни Кремлдан бездирмоқда. Муносабатларнинг эски ўзанга тушиб кетиши эса истиқболсиз.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади